11:34 / 28.05.2020
7213

«Ўзбекистон - АҚШ - Афғонистон» биринчи уч томонлама мажлиси бўлиб ўтди 

«Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш линияси, Покистон денгиз портларига чиқиш имконини берувчи «Мозори-Шариф – Кобул», «Мозори-Шариф – Ҳирот» темир йўллари қурилиши каби муҳим лойиҳаларни жадал татбиқ этиш зарурлиги таъкидланди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2020 йил 27 май куни видеоконференцалоқа шаклида «Ўзбекистон - АҚШ - Афғонистон» биринчи уч томонлама мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Девид Ҳейл ва Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар иштирокида ўтди.

ТИВ хабарига кўра, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари «Ўзбекистон - АҚШ - Афғонистон» уч томонлама шакли Афғонистондаги тинчлик жараёнини илгари суриш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш, шунингдек, уни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб этишга қаратилган амалий таклифларни тайёрлаш бўйича долзарб маслаҳатлашув механизми эканлигини қайд этдилар.

Томонлар Афғонистон инклюзив ҳукуматини шакллантириш ва Миллий ярашув бўйича Олий кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги жорий йил 17 майда имзоланган сиёсий битим тузилишини, Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати томонидан маҳбусларни озод қилиш амалиётини давом эттирилишини юқори баҳоладилар.

«Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш линияси, Покистон денгиз портларига чиқиш имконини берувчи «Мозори-Шариф – Кобул», «Мозори-Шариф – Ҳирот» темир йўллари қурилиши каби муҳим лойиҳаларни жадал татбиқ этиш зарурлиги таъкидланди.

Видеоконференция иштирокчилари қайд этганидек, коронавирус пандемияси афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини бериш, аввало, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини тақозо этмоқда. АҚШ ва Афғонистон вакиллари Ўзбекистон раҳбариятига Афғонистонга товарларни узлуксиз етказиб бериш, шунингдек, коронавирус тарқалиши даврида транзит юк ташиш таъминлангани учун миннатдорлик изҳор этдилар.

Ишни оптималлаштириш ва уч томонлама шаклда ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш мақсадида томонлар муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари бўйича тегишли ишчи гуруҳларини ташкил этишга келишиб олдилар.

Тадбир якунида «Ўзбекистон - АҚШ - Афғонистон» уч томонлама учрашувининг Қўшма баёноти қабул қилинди, дейилади хабарда.

Top