Жамият | 12:33 / 29.05.2020
4447
2 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги қатор мавзеларда электр энергияси таъминотида узилиш бўлди

Юнусобод туманида пудратчи ташкилот томонидан туман электр таъминоти корхонаси билан келишмаган ҳолда ер қазиш ишлари олиб борилган. Натижада, кабель тармоқлари шикастланиб, авария ҳолати юзага келди.

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

Бугун, 29 май куни Юнусобод туманининг “Мега Планет” кўнгилочар савдо мажмуаси ҳудудидаги 3-, 12-, 13-, 14-, 15-, 16-, 17-мавзелар, 18-19-мавзеларда қисман ҳамда Бободеҳқон, Кулол, Оқтепа маҳаллаларидаги аҳоли яшаш хонадонларининг, шунингдек, тумандаги кичик саноат зонасида электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлди. 

“Тошкент шаҳар электр тармоқлари”нинг маълум қилишича, 29 май куни соат 08:21да Юнусобод туманида пудратчи ташкилот томонидан туман электр таъминоти корхонаси билан келишмаган ҳолда ер қазиш ишлари олиб борилган. 

Натижада, ҳудуддаги 110/35/10 кВ кучланишли ПС “Юнусобод”дан чиқувчи юқори кучланишли 10 кВ.ли ер остидан ўтган кабель тармоқлари шикастланиб, авария ҳолати юзага келди ва “Дюккер”, “Парковий”, “Ромашка”, “Бухоро”, “Обод”, “Алмаз”, “Колхозний”, “Прогресс”, “Промзона гвардейская” ва “Мега планет” фидерлари кучланишсиз қолган. Оқибатда юқорида қайд этилган мавзелар ҳамда МФЙлардаги аҳоли яшаш хонадонлари,  шунингдек, тумандаги кичик саноат зонасида электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлган. 
 
Билдирилишича, шу вақтнинг ўзидаёқ “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” тизимидаги Юнусобод туман электр таъминоти корхонасининг тезкор бригадаларининг асосий куч ва техникаларини жалб қилган ҳолда, юзага келган ҳолатни зудлик билан бартараф этишга киришилди.

Айни вақтда аварияли узилишларни бартараф этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Кун давомида босқичма-босқич электр энергиясини тиклаш ишлари якунига етказилади, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид