Жаҳон | 15:20 / 31.05.2020
8394
1 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби: «Журналистга ҳужум – жамиятга ҳужум»

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш журналистларга қилинаётган ҳужумларни қоралади. Унинг фикрича, ҳеч қандай жамият эркин матбуотсиз адолатга эриша олмайди.

Фото: AFP/Getty Images

«Журналистга ҳужум – жамиятга ҳужум демак. Демократияга сўз эркинлигисиз эришиб бўлмайди. Ҳеч қандай жамият қонунбузарликларни суриштириб, ҳақиқатни айта оладиган журналистларсиз адолатли бўла олмайди», деб ёзди БМТ бош котиби твиттердаги саҳифасида.

Маълумот учун, 30 май куни АҚШда давом этаётган оммавий норозиликлар вақтида намойишчилар журналистларга ҳужум қилган. Вашингтонда Fox News журналистлари воқеа тафсилотларини ёритаётган вақтда уларга ҳар хил жисмлар билан ҳужум қилишади. Суратга олиш гуруҳи қочиб кетаётганда намойишчилардан бири «Ҳар куни ўзини мана шундай ҳис қиладиган қора танли бўлиш нима эканини ҳис қилинглар», деб бақирган.

АҚШнинг Миннеаполис шаҳрида 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойд полиция томонидан қўлга олинаётган вақтда ҳалок бўлгач, бутун мамлакатда норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар бинолар, машиналарни ёқиб, бу билан ҳукуматга ва полицияга норозиликларини кўрсатишмоқда.

Мавзуга оид