Жамият | 17:24 / 01.06.2020
17564
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ДХХнинг сохта ходими ушланди

ДХХ ходимларининг прокуратура ва ички ишлар органлари вакиллари билан Қарши шаҳрида ўтказган тезкор тадбири давомида фуқаро Ф.О. фирибгарлик йўли билан Нишон тумани ички ишлар бўлими профилактика инспекторидан 200 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланди.

Аниқланишича, Ф.О. профилактика инспекторига қўнғироқ қилиб, ўзини ДХХ ходими дея таништиради ва унга нисбатан Нишон туманидаги деҳқон бозори ҳамда туман хокимлиги олдидаги 2 та ҳолат бўйича видеоёзув борлигини айтиб, алдайди. Агарда 200 АҚШ доллари берса гўёки профилактика инспекторининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тасвирланган ушбу видеоёзувлар билан боғлиқ муаммони ҳал қилиб беришини билдиради.

Тезкор тадбир давомида Китоб туманида туғилган Ф.О.нинг ёнидан ДХХ Чегара қўшинларининг сохта гувоҳномаси ва бир нечта фуқароларнинг паспорт нусхалари ҳамда фотосуратлари топилди. Шунингдек, у вақтинчалик яшаб келган Нишон тумани “Улуғбек” МФЙдаги уйдан лейтенант унвонидаги ДХХнинг ҳарбий кийими ашёвий далил сифатида олинди.

Мазкур шахс муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун унга нисбатан ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари доирасида Ф.О.га сохта гувоҳномани ким тайёрлаб бергани ва ундан жабр кўрган яна бошқа фуқароларни ҳам аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид