20:51 / 04.06.2020
12246

Суд Порошенкони сўроққа мажбурий равишда олиб келишга рухсат берди 

Киев суди Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенкони терговлар давлат бюросига мажбурий равишда олиб келишга рухсат берди. 

Таъкидланишича, сўроқ 10 июнда бюрода бўлиб ўтади. Гап Украинанинг божхона чегарасидан божхона назоратидан яширган ҳолда машҳур рассомларнинг 43 та суратидан иборат маданий қадриятлар тўпламининг олиб ўтилиши бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилиниш ҳақида бормоқда. 

Порошенко ушбу иш бўйича 26 май куни, сўнгра 29 май куни такроран сўроққа чақиртирилган. Бироқ собиқ президент иккала сўроққа ҳам келмаган. 

Бу иш Порошенко иштирокчи сифатида ўтаётган ягона жиноий иш эмас. 2019 йил октябрда терговлар давлат бюросида Порошенко 12 та жиноий иш бўйича гувоҳ сифатида ўтаётгани маълум қилинган. Декабрда эса бюро Украинанинг собиқ президентига 2015 йилда Минск келишувларини имзолаш вақтида давлатга хиёнат қилганлик бўйича жиноий иш қўзғатган. 2020 йил январда бюро Порошенко 16 та жиноий иш бўйича  27 марта сўроққа келмаганини маълум қилган.

2020 йил апрелда Украина бош прокуратураси Порошенкога нисбатан 2017 ва 2019 йилларда олий судга судьяларни тайинлаш ҳақидаги фармонлар бўйича бирданига 4 та модда бўйича янги жиноий иш қўзғатган. 20 май куни собиқ президентга нисбатан бир неча киши Украинанинг собиқ бош прокурори Виктор Шокинни истеъфога жўнатишни муҳокама қилаётган аудиоёзувлар сабабли давлатга хиёнат ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш моддалари бўйича яна бир иш очилган. Аудиоёзувдаги одамлар овозлари Порошенко, АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байден ва собиқ давлат котиби Жон Керриникига ўхшаш бўлган. 

Умуман олганда, Украинанинг собиқ президенти айни вақтда 18 та жиноий иш бўйича гувоҳ ёки иштирокчи сифатида ўтмоқда.

Top