Яшнобод туманида содир бўлган ёнғин ҳақида расмий маълумот берилди
Хусусий корхонага қарашли битум эритиш бассейнида ёнғин келиб чиққан.
Бугун, 4 июнь куни соат 04:12да пойтахтнинг Яшнобод туманида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда ФВВ хабар қилмоқда.
Қайд этилишича, Паркент кўчаси 327-уйда жойлашган “Карвон Йўли” хусусий корхонасига қарашли битум эритиш бассейнида ёнғин келиб чиққан. Ёнғин натижасида 600 кв.м майдонда эритма сақич (битум) ёнган.
Ёнғин-қутқарув жанговар бўлинмалари манзилга соат 04:22да етиб борган ва кўрилган тезкор чоралар натижасида ёнғин соат 06:05да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин жойига 7 та ёнғин-қутқарув техникаси жалб қилинган.
Ёнғин сабаблари ва ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
“Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси сизлардан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига ҳушёр бўлишингизни сўраб қолади”, - дейилади хабарда.