Спорт | 08:29 / 05.06.2020
13314
8 дақиқада ўқилади

Ла Лига бошланишига бир ҳафта қолди. Бизни нималар кутмоқда?

Уч кун олдин Ла Лига президенти Хавьер Тебас Испания чемпионати давом эттириладиган санани расман маълум қилди - 11 июнь. Орқасидан, навбатдаги икки турнинг тақвими ҳам мухлисларга ҳавола қилинди.

Фото: Getty Images

1 июндан эса, Примеро ва Сегунданинг барча жамоалари 82 кунлик танаффусдан сўнг, биринчи марта умумий гуруҳдаги машғулотларни бошлашди. Унгача футболчилар алоҳида ёки кичик гуруҳларда шуғулланишаётган эди. Испанияда футбол мухлислари кун санаётган бир пайтда, турнирда бизни нималар кутаётгани ҳақида мулоҳаза юритамиз.

Ўйинлар Андалусия дербиси билан бошланиши ҳам ўзига яраша эътиборни жалб қилиши табиий. Шунингдек, эртаси куни мухлислар «Месталья»дан Валенсия дербисини томоша қилиш имконига эга бўлишади. Келинг аввал, расман эълон қилинган турлар тақвими билан танишинг:

11 июнь. СЕВИЛЬЯ - БЕТИС
12 июнь. ГРАНАДА - ХЕТАФЕ, ВАЛЕНСИЯ - ЛЕВАНТЕ
13 июнь. ЭСПАНЬОЛ - АЛАВЕС, СЕЛЬТА - ВИЛЬРЕАЛ, ЛЕГАНЕС - ВЕЛЬЯДОЛИД, МАЛЬОРКА - БАРСЕЛОНА
14 июнь. АТЛЕТИК - АТЛЕТИКО, РЕАЛ М - ЭЙБАР, СОСЬЕДАД - ОСАСУНА
15 июнь. ЛЕВАНТЕ - СЕВИЛЬЯ, БЕТИС - ГРАНАДА
16 июнь. ХЕТАФЕ - ЭСПАНЬОЛ, ВИЛЬЯРЕАЛ - МАЛЬОРКА, БАРСЕЛОНА - ЛЕГАНЕС
17 июнь. ЭЙБАР - АТЛЕТИК, ВАЛЬЯДОЛИД - СЕЛЬТА, ОСАСУНА - АТЛЕТИКО
18 июнь. АЛАВЕС - СОСЬЕДАД, РЕАЛ - ВАЛЕНСИЯ

Ўйинлар ҳар куни бўлиб ўтади

Испания чемпионатида янги мавсум 12 сентябрда бошланади, шунинг учун, жорий мавсумни якунлаш учун вақт у қадар кўп эмас.

Испания федерацияси ва Ла Лига анчадан бери, турнир ўйинларини жума ва душанба кунлари ҳам қўйиш ҳақида баҳслашиб келарди. Федерация бунга қарши - дам олиш кунларида мухлисларнинг стадионга бориши қийинлашиб кетади. Ла Лига учун эса, ўйинлар ўтказиладиган кунларнинг кўпайиш фойдали - чет давлатларга трансляциялардан пул келади.

Бу баҳсда суд орқали федерация ғалаба қозонганди, лекин бугунги шароитда, бу масала кўтарилмади, аксинча, ҳар куни ўйнаш ҳам мумкин. Ахир барибир стадионга мухлислар келмайди. 11 июндан бошлаб, ўйинлар ҳар куни бўлиб ўтади ва ўртача, бир кунга 2-3 учрашув тўғри келади. Деярли ҳамма ўйинлар кечроқ вақтга қўйилган ва энг вақтли ўйинлар бизнинг вақт билан 22:30да бошланади. Тушлик пайтида Испанияда ҳам иссиқ бўлгани учун ўйнашнинг иложи йўқ.

Фақатгина 13-14 июнь кунларида икки ўйин: «Алавес» - «Эспаньол» ва «Атлетик» - «Атлетико» ўйинлари 16:00да, маҳаллий вақт билан тушликда бошланади. Айтишларича, ўша кунлари ҳаво бирмунча салқин бўларкан. Агар синоптикларнинг тахмини ўзини оқламаса, бу ўйинлар 4 соат кейинга сурилиши кўзда тутилган.

Мухлислардан олдин, уларнинг овози стадионга етиб боради.

Худди Европанинг бошқа мамлакатлари каби. Испанияда ҳам томошабинлар стадионга киритилмайди. Стадионлар мухлислар билан тўлиши босқичма-босқич амалга оширилади ва сентябрь ойидан 30 фоизга рухсат бериш режалаштирилмоқда. Январь ойига бориб эса, стадионлар тўлиқ очилиши мумкин.

Тебас шунингдек, мухлисларни қизиқарли акцияга таклиф қилди ва олқишлар ёзилган овозларни Лигага юборишларини сўради. Ҳар бир ўйиннинг 20-дақиқаларига келиб, стадионларда барча мухлисларнинг олқишлари овозлари монтажланган ҳолда, футболчиларга эшиттириб борилар экан.

Агар мухлисларнинг стадионга кириши шунчаки, рамзий маъно касб этса, томошабинлар қаторида футболчилар энди кўпроқ бўлади, зеро Лига жамоаларга ҳар бир ўйинда бештадан футболчи алмаштиришга рухсат берди. Иссиқ билан курашда ва жамоаларнинг спорт формаси кўнгилдагидек бўлмаганда, бу имконият ҳам анча ёрдам беради.

«Менимча, беш ўзгариш - жуда муҳим, агар жамоалар ҳар уч кунда тўп суришларини эътиборга олсак. Сўнгги ойлар жуда қийин кечди, айниқса, квартира ичида шуғулланиш осон бўлмади», дейди «Вильяреал» яримҳимоячиси Санти Касорла.

«Реал» ва «Барселона» ўртасида яна бир баҳона

«Барселона» бугунги кунда захира ўриндиғи сифати билан мақтана олмайди, аммо бу уларинг ўз муаммоси. Лекин тикланиш учун кетадиган вақт етишмаслиги яхши мавзу ва бу ҳақида ҳали испан матбуоти бонг урса керак.

«Барселона» илк ўйини учун 13 июнь куни Мальоркага боради. Кейинги ўйин «Леганес»га қарши уч учрашуви роппа-роса 72 соатдан кейин бўлади. «Реал» эса, аввал якшанба куни, кейинги ўйинни эса пайшанбада ўтказади ва дам олиш учун 98 соатга эга бўлади. Ҳар икки ўйин ҳам «Сантьяго Бернабеу»да.

ЕЧЛсиз қолишига бир бахя қолган «Атлетико» бронза олиши мумкин

Турнирда учинчи ва еттинчи ўринлар орасини атиги 5 очко ажратиб турибди, шунинг учун еврокубоклар учун кураш ҳазилакам кечмаслиги тайин. Ҳаммадан ҳам «Атлетико» ва «Хетафе» севиниши керак, чунки агар испанлар ҳам Франция каби чемпионатни эрта якунлаб қўйишганда, бу жамоалар Чемпионлар Лигасисиз қолишарди.

«Атлетико» ҳозирда бешинчи ўринда боряпти, аммо таркиб ва маҳорат жиҳатидан рақобатчиларидан кучлироқ экани сир эмас. Тўғри, танаффус пайтида Жоау Фелиш жароҳат олди ва камида 14 ва 17 июнда бўладиган турларда майдонга туша олмайди.

«Хетафе» умуман қизиқ ҳолатда қолиб кетиши мумкин эди. Чемпионат тўхтатилганда улар «Сосьедад» билан бир хил - 46тадан очко тўплаганди. Испанияда бундай ҳолатда ўзаро ўйинларга қаралади, лекин бунинг учун аввало, жамоалар ҳар икки ўйинни ҳам ўтказиб бўлишлари керак. «Сосьедад» ва «Хетафе» ҳозирча фақат бир марта Сан-Себастянда куч синашишган ва мадридликлар ғалаба қозонишган. Аммо тўплар нисбати бўйича «Реал Сосьедад» олдинда турганди. Энди бу масала кўрилмайди, зеро бу жамоалар ҳали Мадридда орани очиқ қилишади.

Қуйида нима гап?                                                                                                           

Ла Лиганинг асосий интригаларидан бири - «Эспаньол» ўзини қутқара оладими? Каталонияликлар турнир жадвалининг сўнгги поғонасидан жой олишган ва 17-ўриндаги хавфсиз зонадан 6 очкога ортда қолган. «Эспаньол»нинг хитойлик инвесторлари қишда жамоани кучайтириш учун 40 миллион евро сарфлади. Раул де Томас, Адриан Эмбарбу каби ҳужумчилар, ҳимоячи Леандро Кабреру ва дарвозабон Ойер Оласабал сотиб олинди, лекин карантин сабаб, жамоа бу кучайишларни амалда намойиш қила олмаганди.

Шунингдек, «Сельта» клуби ҳам турнир жадвалида анча хавфли 17-ўринда жойлашган. Вигуликларнинг 2-турда 15 ўриндаги «Вальядолид»га қарши ўйинлари ҳам анча қизиқарли кечиши табиий. 

Мавзуга оид