Ўзбекистон | 23:14 / 05.06.2020
79937
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё яна коронавирусли ҳудуд: Аҳоли орасида 4 кишида коронавирус аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда яна 20 кишида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берди. Маълум қилинишича, Қашқадарё вилоятида аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари қайд этилди ва вилоят яна коронавирусли ҳудудга айланди.

«2020 йил 5 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4007 нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 6 нафари Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган ва карантинга олинган фуқаролар орасида, 5 нафари Бухоро вилоятида (4 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган ва карантинга олинган, 1 нафари аҳоли орасида) 5 нафари Тошкент вилоятида (3 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 2 нафари аҳоли орасида), 4 нафари Қашқадарё вилоятида (Тошкент шаҳридаги «Ўрикзор» бозорида юк ташувчи бўлиб ишлаган ходим ва у билан яқин мулоқотда бўлган 3 нафар оила аъзоси) аҳоли орасида аниқланди», дейилади хабарда.

Бугун жами 68та янги ҳолат қайд этилди, Тошкент, Навоий, Самарқанд ва Андижонда жами 160 бемор тузалди ва шу вақтгача тузалиб чиққанлар сони 3247 нафарга етди. Ҳозирда шифохоналарда 744 бемор даволанмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятида март ойидан буён 6та касалланиш ҳолати қайд этилган, беморларнинг сўнггиси 1 май куни тузалган ва вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланганди.

Мавзуга оид