20:56 / 08.06.2020
5325

Янги қонун билан халқаро транспорт йўлаклари ривожлантирилиши кутилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг хабар беришича, шу кунларда қуйи палатада “Транспорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда. Лойиҳада халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришда йиғилиб қолган жиддий муаммоларни ҳал қилиш кўзда тутилган.

“Қонун лойиҳасига масъул — Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоларининг фикрича, бугунги кунда транспорт фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун ҳужжатлари мавжуд бўлиб, булардан “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги, “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонунлар, Ҳаво кодекси ва бошқа кўплаб қонун ҳужжатларини келтириш мумкин. Бироқ барча турдаги транспортларнинг оптимал, мувозанатлашган ва уйғунлашган ўзаро алоқасини таъминлайдиган, уларни самарали логистика, аралаш йўналишлар сонини кенгайтириш орқали ягона транспорт тармоғига интеграция қилиш йўлларини аниқлайдиган ягона қонун йўқ.

Транспорт турлари — авиация, темир йўл, автомобиль, сув транспорти — бир-биридан алоҳида, ўз соҳасига оид мақсадларга интилиб ривожланган. Аслида, транспорт йўлларида мазкур транспорт турлари ўртасида ўзаро мувофиқлаштириш мавжуд эмас.

Кўриб чиқилаётган “Транспорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва тармоқ қонун ҳужжатлари тенг юридик кучга эга. Санаб ўтилган барча қонун ҳужжатлари (режалаштирилгани ҳам, амалдагилари ҳaм) бир-бирига зид бўлмаган, бир вақтнинг ўзида ишлайдиган, бир-бирини тўлдирадиган ва тўғридан-тўғри амал қиладиган нормаларни белгилайди”, дейди қуйи палата ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Ваҳобжон Муратқобиловнинг қайд этишича, ушбу қонун лойиҳасининг мақсади — автомобиль, ҳаво, сув, темир йўл, шаҳар йўловчи транспорти фаолияти ва ҳамкорлигининг ҳуқуқий, иқтисодий ҳамда ташкилий асосларини белгилашдан иборат.

“Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш пайтида идоралараро ишчи гуруҳи томонидан барча тармоқ қонун ҳужжатларини ягона қонунга бирлаштириш масаласи кўриб чиқилгани диққат марказимизда бўлди. Масалан, АҚШда катта ҳажмли Модель транспорт кодекси бор. Бундай бирлаштириш мақсадга мувофиқ эмас, деган қapop қабул қилинган. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини, албатта, уни янада муҳокама қилиш чоғида кўришимиз мумкин.

Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ташиш шартномасини тузиш, кира ҳақи, ташиш шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича жавобгарлик ва бошқалар асосида амалга ошириладиган тижорат транспорт фаолиятини назарда тутувчи Фуқаролик кодексининг йўловчи, багаж ва юк ташишга оид боби асос қилиб олинган.

Мамлакат транспорт комплекси ривожи учун транзит сиёсати биринчи даражадаги муҳим омиллардан саналади. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришда йиғилиб қолган жиддий муаммоларни ҳал қилиш учун мўлжалланганидир”, дейди у.

Қўмита раисининг таъкидлашича, қонун лойиҳасида транспорт фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш, Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, ушбу соҳада давлат назорати, транспорт фаолиятини лицензиялаш, транспорт воситаларини сертификатлаш ва транспорт тарифлари акс этган. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасига бир қатор ваколатлар бериш кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида муфассал кўриб чиқилади.

Ушбу ҳужжат қабул қилинган тақдирда қонунчиликдаги мавжуд камчиликлар бартараф этилиши, транспорт фаолиятини, шу жумладан, аралаш ташишларни амалга оширишда транспорт ташкилотлари ва улар хизматларидан фойдаланувчилар ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари яратилиши, миллий транспорт тизимининг халқаро транспорт-логистика тизимига интеграциялаш жараёнларини чуқурлаштириш учун шарт-шароитлар яратилиши кутилмоқда.

Top