Транспортнинг барқарор ва самарали ишлаши иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари, мамлакат яхлитлиги, миллий хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига оқилона интеграциялашуви учун зарур шартдир.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбарининг Kun.uz’га берган интервьюсида транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларга қарамай, ҳалигача бир қатор ҳал қилинмаган муаммолар мавжудлигини таъкидлаб ўтди.
Мутахассиснинг қайд этишича, ҳаво транспортида бозор муносабатлари шакллари, мулкни ўзгартириш механизмлари ва рақобат муҳитининг суст ривожланиши асосий тизимли муаммолар бўлиб қолмоқда.
Халқаро темир йўл тармоғида ташиш ҳажми ўсиш суръатларининг етарли эмаслиги республиканинг транспорт ва транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётганидан далолат беради. Бундан ташқари, темир йўл транспортида рақобатни ривожлантириш, транспорт самарадорлигини ошириш ва бошқалар билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Мутахассис 2022-2026 йилларда транспорт тизимида амалга оширилиши лозим бўлган устувор йўналишлар сифатида қуйидагиларни айтиб ўтди:
- тезюрар поездларни қўшимча сотиб олиш йўли билан йўловчилар айланишини кўпайтириш ва мамлакат ҳудудлари ўртасида тезюрар поездлар қатновини ривожлантириш. Тезюрар поездлар ҳаракатланадиган иккита йўлакли йўл ўтказгичларни қуриш учун сармояларни жалб қилиш;
- йўловчилар ташишни юк ташиш даромадларидан тўғридан тўғри субсидиялаштиришни босқичма-босқич бекор қилиш ва давлат бюджет ҳисобига ўтказиш;
- юк эгалари ва йўловчиларга давлат-хусусий шериклик асосида онлайн тарзда хизматлар кўрсатиш учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш;
- Ўзбекистоннинг транзит йўлаклари чорраҳасида жаҳон савдо зонасини ташкил этиш;
- норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, давлатлараро стандартларни уйғунлаштириш бўйича ишларни давом эттириш ва темир йўл транспорти, инфратузилма объектлари соҳасидаги мувофиқликни тасдиқлаш тизимида ишлаш;
- илмий-тадқиқот институтларини яратиш, шу жумладан, илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш ишлари ҳамда рақамли технологияларни ривожлантиришда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ишларини ташкил этиш.
Мутахассис ички темир йўлларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва транзит юкларни муқобил темир йўлдан ички темир йўлга йўналтириш учун қуйидагилар зарурлигини таъкидлади:
- Афғонистон орқали Покистон билан, шунингдек, Қирғизистон орқали Хитой билан темир йўл алоқасини ўрнатиш;








