Жаҳон | 07:27 / 09.06.2020
16655
3 дақиқада ўқилади

КХДР Жанубий Корея билан барча алоқаларни узишини эълон қилди 

Шимолий Корея Жанубий Корея билан барча алоқаларни узишини эълон қилди. 

Фото: KCNA / Reuters

Пхеньянда Сеул билан барча музокаралар фақатгина “кўнгил қолишига” олиб келмоқда, деб ҳисобланмоқда. 

Шу сабабли Шимолий Корея 9 июнь туш вақтидан Жануб билан барча алоқа линияларини блоклаб қўяди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, бу Жанубий Корея билан ўзаро алоқаларни чеклашдаги ва “бошқа кераксиз ҳаракатларни тўхтатиш”даги биринчи қадам бўлади. Бундай қарорни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси бўлими бошлиғи биринчи ўринбосари Ким Ё Чжон ва қўмита раиси ўринбосари Ким Ён Чхор қабул қилган.  

Пхеньянда Сеул Шимол ва Жануб ўртасидаги муносабатларни “сўнгги нуқтага” келтирган деб ҳисобланмоқда, икки томонлама музокаралар эса фақат “кўнгил қолишига” олиб келмоқда. Хабарда айтилишича, Шимолий Кореянинг бутун халқи “Жанубий Корея ҳукумати сотқинлигидан аччиқда”.

Reuters ахборот агентлигининг таъкидлашича, Пхеньян Сеулга агар Жанубий Корея ҳукумати шимоллик қочқинларга Шимолий Корея ҳудудига ташвиқот варақаларини ташлашга тўсқинлик қилмаса, қўшма алоқа офисини ёпиш билан бир неча кун давомида таҳдид қилиб келган. Жумладан, 4 июнда Ким Чен Иннинг синглиси бундан огоҳлантириб ўтган. 

8 июнь эрталаб Жанубий Корея мудофаа вазирлиги Пхеньянда қўшма алоқа офиси очилган 2018 йилдан бери биринчи марта Сеулнинг қўнғироғига жавоб берилмаганини маълум қилган. Бу Сеулда Шимолий Корея ўз таҳдидини амалга ошириб, офисни ёпиши мумкинлиги хавотирини туғдирган.

Бироқ кейинроқ жанублик амалдорлар куннинг иккинчи ярмида Шимол билан боғлана олишганини, Пхеньянда эса эрталаб юз берган ҳодиса ҳақида ҳеч нарса эслаб ўтилмаганини маълум қилишган.

Шимолий кореялик қочқинлар ва Пхеньянга қарши чиқувчи фаоллар Шимол томонга пуфакларга маҳкамланган ташвиқот варақаларини жўнатиб туришади. Бу варақаларда Шимолий Корея тузуми ва унинг етакчиси кескин танқид қилинади. Пуфакларга баъзида долларлар ва USB-флешкалар бириктирилади. Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон бу ҳаракатларни қоралаб, уларни икки томон ўртасидаги тинчлик сулҳларига путур етказувчи душманона ҳаракатлар деб атаб келади.

Мавзуга оид