Ўзбекистон | 09:12 / 10.06.2020
29153
3 дақиқада ўқилади

Ботир Хўжаев Rosgeo Uzbekistan раҳбари этиб тайинланди

Собиқ иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев «Росгеология»нинг Ўзбекистондаги Rosgeo Uzbekistan ширкатига раҳбар бўлди. Бу ҳақда «Росгеология» хабарида айтилган.

«Росгеология» бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини ривожлантириш учун Ўзбекистонда Rosgeo Uzbekistan компаниясини ташкил қилди.

«Янги компанияга Ботир Хўжаев раҳбарлик қилади, у 2020 йил февралигача иқтисодиёт ва саноат вазири бўлиб ишлаган», - дейилади «Росгеология» матбуот хизмати хабарида.

Россия компанияси Орол денгизи акваторияси ва унга туташ ҳудуднинг углеводород салоҳиятини баҳолаш бўйича биринчи тижорат шартномасини имзолади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон бош вазирининг саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ботир Хўжаев лавозимидан озод этилганди.

Ботир Хўжаев 1956 йилда туғилган, 1979 йилда Тошкент темир йўл муҳандислари институтини тамомлаган.

1992−1996 йилларда - Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаган, 1996−1997 йилларда - Давлат мулки қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, 1997−1998 йилларда - Вазирлар Маҳкамаси Ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 1998−2002 йилларда - Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва раиси, 2002−2005 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.

У 2005−2006 йилларда - Президентнинг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси бўлган, 2006−2009 йилларда - Иқтисодиёт вазири, 2009−2011 йилларда — бош вазир ўринбосари - Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси, 2011−2016 йилларда - Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

2016 йилдан Молия вазири лавозимида ишлаган Ботир Хўжаев 2017 йилда Иқтисодиёт вазири лавозимига ўтказилган, 2019 йил январида президент фармони билан бу вазирлик қайта ташкил этилиб, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига айланган, Хўжаев вазирлик раҳбари сифатида лавозимини сақлаб қолганди. 2020 йилнинг февралида эса у Иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимидан озод этилди ва бош вазир маслаҳатчиси лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид