22:16 / 10.06.2020
9262

Хоразмда товламачилик йўли билан 1 миллиард сўм талаб қилган шахс ушланди

Урганч шаҳрида яшовчи, 1978 йилда туғилган фуқаро ўзганинг шахсий ҳаётига доир видеоларни интернетда тарқатиб юбормаслик учун 1 миллиард сўм талаб қилди.

Иллюстратив фото

Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, Б.Ж. шу йилнинг 31 май куни Урганч шаҳрида яшовчи бошқа фуқаронинг (тергов сири ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини инобатга олган ҳолда ушбу шахс тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмади) шахсий ҳаётига доир видеоматериалларни қўлга киритган.

Шундан сўнг, уни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига видеолавҳа «қаҳрамони»дан 1 миллиард сўм пул талаб қилган.

Ўзининг шахсий ҳаётига оид маълумотлар кенг оммага тарқалиш хавфи олдида турган ушбу шахс Хоразм вилояти ИИБга ариза билан мурожаат қилди.

4 июнь куни Б.Ж. ўзи талаб қилган пулнинг бир қисмини, яъни 90 миллион сўм ва 20 минг АҚШ долларини олаётган пайтида, Хоразм вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумондор Б.Ж. эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Top