Жамият | 21:38 / 11.06.2020
5592
3 дақиқада ўқилади

Пенсия жамғармаси: деярли 9 млн киши норасмий меҳнат қилмоқда

Пенсия жамғармаси тақдим этган маълумотларга кўра, республиканинг 34 миллион аҳолисидан 15 миллиони иқтисодий фаол инсонлар ҳисобланади. Бугунги кунда иқтисодий фаол аҳолининг қарийб 5,8 миллион нафари меҳнат шартномалари асосида, 400 мингдан зиёди якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини юритиб, Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлаб келмоқда.

Бу рақамлардан билиш мумкинки, Ўзбекистонда деярли 9 миллион киши расмийлаштирмаган ҳолда фаолият юритмоқда.

Булар кимлар?

Ушбу тоифага хорижий давлатларда ишлаётган 2,5 миллионга яқин мигрантлар, деҳқон хўжаликларида ва томорқа ерида банд бўлган 1,5 миллиондан ортиқ киши, қурилиш соҳасида, бозорлар, маиший хизмат кўрсатиш ва мавсумий ишларда банд бўлган 4 миллиондан ортиқ кишини киритиш мумкин.

Ушбу фуқаролар ўз фаолиятларини расмийлаштирмагани ҳамда Пенсия жамғармасига тўловлар амалга оширмагани учун келгусида ижтимоий ҳимоядан, жумладан пенсия таъминотидан маҳрум бўлиши эҳтимоли мавжуд.

Фаолиятни расмийлаштириш янада осонлашди

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ўз фаолиятларини расмийлаштиришларини соддалаштириш, якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий корхоналарга қулайлик яратиш мақсадида, президент томонидан жорий йилнинг 8 июнь куни ПҚ-4742-сон қарор имзоланди.

Қарорда ўзини ўзи банд қилган фуқароларга жорий йилнинг июль ойидан бошлаб кўплаб имкониятлар яратилди. Жумладан, бундай шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилиб, 67тага етказилди (аввалги тартиб бўйича ўзини ўзи банд қилган фуқароларга рухсат этилган фаолият турлари сони 24тани ташкил этган).

1 июлдан бошлаб:

  • вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бекор қилиниб, ўзини ўзи банд қилганларга махсус мобил илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади (рўйхатга олиш далили матрицали штрих код - QR-код билан тасдиқланади);
  • ўзини ўзи банд қилганлар ижтимоий солиқни 2020 йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи, яъни 111 500 сўм миқдорида маблағ тўлаш эвазига йил давомида расмий равишда фаолият юритишлари мумкин.

Энг асосийси, ушбу талабларни бажарган тақдирда фуқаролар келгусида пенсия ёшига етганларида пенсия таъминотини олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Бу қандай амалга оширилади?

Июль ойидан бошлаб ўзини ўзи банд қилган фуқароларни масофадан рўйхатга олиш мўлжалланган мобил илова жорий қилинади.

Бу мобил илова орқали фуқаролар нафақат фаолиятларини рўйхатдан ўтказишлари, балки буюртмаларни қабул қилиш ва тўловларни амалга ошириш, электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш, даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ўз товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш имкониятига эга бўладилар.

Мавзуга оид