17:44 / 11.06.2020
65157

Тошкент давлат юридик университетида 4та янги факультет очилди

Тошкент давлат юридик университетида халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик, хусусий ҳуқуқ, оммавий ҳуқуқ, жиноий одил судлов ҳуқуқи факультетлари очилди. Ўтган йилларда абитуриентлар умумий тарзда юриспруденция йўналиши учун ҳужжат топширган бўлса, энди 4 та факультетга алоҳида тарзда ҳужжат топшириш талаб этилади.

Бу ҳақида бугун, 11 июнь куни Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳим Ҳакимов маълумот берди.

Раҳим Ҳакимовга кўра, юридик университет ташкилий тузилмаси хорижий тажрибани ўрганган ҳолда қайта кўриб чиқилган ва тасдиқланган.

«Бу борада университетда қатор ўзгаришлар бўлди. «Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази», «Инновация ва ҳуқуқий ташаббуслар маркази», «Ҳуқуқий ахборот маркази» каби алоҳида бўлимлар ташкил этилди», - дея таъкидлади Раҳим Ҳакимов.

Шунингдек, ректор қилинган ўзгаришларнинг энг асосийси – университетда 4 та янги факультет очилиши эканини айтиб ўтди.

«Авваллари Тошкент давлат юридик университетида факультетлар бўлмаган, курс-деканатлар тузилмаси мавжуд эди. Илғор тажрибани ўрганган ҳолда бакалавриат босқичида 4 та факультет ташкил этилди.

Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик, хусусий ҳуқуқ, оммавий ҳуқуқ, жиноий одил судлов ҳуқуқи факультетлари очилди», - деди Раҳим Ҳакимов анжуманда.

Раҳим Ҳакимовнинг таъкидлашича, ўтган йилларда абитуриентлар умумий тарзда юриспруденция йўналиши учун ҳужжат топширган бўлса, энди 4 та факультетга алоҳида тарзда ҳужжат топшириш талаб этилади.

«Олдин биринчи курсда юриспруденция йўналишида таҳсил олган талабалар иккинчи босқичдан 5 та ихтисосликка ажратилган. Биринчи курсда уларнинг кўп вақти ортиқча фанларни ўрганишга сарфланарди. Энди илғор тажриба ўрганилган ҳолда биринчи курсдан талабалар ўз хоҳишига кўра йўналиш танлашади ва шу йўналиш асосида мутахассисликни чуқур ўрганишни бошлашади», - дея Раҳим Ҳакимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзу
Қабул-2020
20 июнь куни ОТМларга ҳужжат қабул қилиш бошланди. Имтиҳонлар 1 август куни бошланиши режалаштирилмоқда.
Барчаси
Top