Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент юридик университети “суд ўйинлари” бўйича Марказий Осиёда биринчи
700 дан ортиқ юридик мактаблар иштирок этадиган JESSUP мусобақасида ТДЮУ жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, номдор жамоаларни доғда қолдиряпти. Бу тажриба ўрганилиши ва бошқа университетлар учун ўрнак бўлиши керак. Нагоя университети профессори Алишер Умирдинов Kun.uz учун ёзган мақоласида шу ҳақда сўз юритади.
JESSUP деган конкурс бор – ҳуқуқшунос талабаларнинг ўзига хос “Қувноқлар ва зукколар”и... Philip Jessup номини олган бу халқаро конкурсда 700 дан ортиқ юридик мактаблар иштирок этади. Мусобақа пайтида талабалар ўйлаб топилган суд процессларини ечишади, “низо”нинг ҳар икки томони учун далилларни тадқиқ этишади, ёзма аризалар, меморандумлар тузишади, суд учун оғзаки чиқишларни тайёрлашади.
Яъни бир-бирига қарши турган икки жамоа, ҳар бири иккитадан ёзма меморандум ва 45 дақиқалик оғзаки чиқишни тайёрлайди – низонинг ҳар бир томони учун биттадан ("ариза берувчи" ва "жавобгар" учун). Ҳар йили талабалар учун янги “иш”лар ўйлаб топилади. Бу – дунёдаги энг йирик халқаро суд муҳокамаси танловидир.
ТДЮУ жамоаси бу ўйинларда МДҲда Россиядан кейин иккинчи бўлиб турибди. 2019 йилда жамоа Вашингтонда бўлиб ўтадиган мусобақа финалида муваффақиятли қатнашди. COVID-19 сабаб юз берган танаффус ва ундан кейинги икки йиллик кетма-кет омадсиз миллий раундлардан кейин, ТДЮУ яна оёққа турди ва 2023 йилдан бошлаб Қозоғистон ва Қирғизистон жамоаларини енга бошлади. Ва яна финалга – Вашингтонга йўл олди. Бу натижа кетма-кет бир неча йил давом этди! 2025 йил мусобақаларида эса жамоа чорак финалгача етиб бориб, АҚШнинг номдор Виржиния университети жамоасини ҳам енгди. Бу ниҳоятда катта натижа ҳисобланади.



Юридик университет бунга қандай эришди? Аввало, бир авлод тажриба орттирди. Ўша – тажрибали жамоанинг кўпи ҳозирда ТДЮУда дарс бермоқда: улар устозлари олдида – университетда қолишди ва ўзларининг қимматли тажрибаларини ёшларга самарали етказишди. Талаба-ёшлар буни яхши қабул қилишди, натижада яхшигина “JESSUP мактаби” юзага келди. Авлодлар алмашинуви соғлом тус олди.
Кейинги муҳим омил эса – Канязов, Ҳакимов, Тошқулов, Рустамбеков, Хўжаев каби ректор ва ректор ўринбосарлари силсиласи талабаларга моддий ёрдам бериш ва алоҳида ёндашувни ўз ўрнига қўйишди. Учинчиси эса – университетнинг ўзида JESSUP мусобақасида судя ўлароқ ишловчи профессор-ўқитувчилар жамоаси шаклланди.
Юридик университетнинг бу тажрибасини Ўзбекистоннинг қолган университетлари, қолаверса бутун олий таълим тизими ўзи учун ўрнак қилиб, ўрганиши лозим.
Алишер Умирдинов,
Нагоя университети профессори
Мавзуга оид
12:08 / 29.11.2025
Бахшилло Хўжаев Тошкент давлат юридик университети ректори этиб тайинланди
09:53 / 28.11.2025
Юридик университетда факултет деканлари сайлов асосида 2 йилга тайинланади
16:58 / 06.02.2024
ТДЮУ талабалари учун “Тошкент шаҳар прокурори стипендияси” жорий этилади
16:50 / 28.03.2023