Light | 18:56 / 12.06.2020
11088
5 дақиқада ўқилади

Келажак касалхоналарида эшик тутқичлари бактериялардан ўзини ўзи тозалайди

Ҳар куни касалхоналарда минглаб одамлар даволанади. Бироқ бу ерда соғлом одамлар ҳам энг хавфли касалликларни юқтириб олишади. Гап шундаки, эшик тутқичлари ва бошқа объектларни деярли барча ташрифчилар, ҳатто турли инфекция ташувчилар ҳам ушлайди. Касаллик тарқалишининг олдини олиш учун касалхона ишчилари юзаларни антибактериал воситалар билан артишади. Бироқ келажакда эшик тутқичларини артиш ҳақида унутиш мумкин бўлади.

Австралиялик олимлар бактерияларнинг ташқи қобиғини майдалаб, йўқ қилувчи материални яратишди.

Фото: hi-news.ru

Антибактериал материал

Янги тиббий материал ҳақида ACS Biomaterials Science & Engineering журналида маълум қилинган. Мазкур янги материал учун дераза, фасад конструкциялари, спорт анжомлари, автомобиль ва бошқаларни ишлаб чиқаришда қўлланадиган алюминий қотишмаси асос бўлган. Ана шу материалдан ишланган эшик тутқичи уч соат давомида кенг тарқалган ишқор – натрий гидроксиди билан қайта ишланди.

Ишқор жуда заҳарли модда бўлгани учун алюминий қотишмасининг юзаси кўплаб «тароқча»лар билан қопланди. Бироқ уларни бир қарашда пайқаш қийин, чунки тароқчаларни фақат микроскоп остидагина кўриш мумкин. Одамлар учун мазкур материалдан ишланган эшик тутқичи бирор ўзига хос жиҳати билан ажралиб турмайди, бироқ хавфли бактериялар унинг устига тушганида уларнинг танаси бир неча қисмга бўлиниб кетади.

Қайд этиш жоизки, янги материал хавфсиз бактерияларни ҳам ўлдиради.

Фото: hi-news.ru

Эҳтимол, микроскопик тароқчаларга эга материалнинг ўлдириш хусусияти ҳақида австралиялик олимлар ҳамкасбларидан билишгандир. 2013 йилда австралиялик биофизиклар айрим ҳашоратлар қанотларидаги нотекисликлар «антибактериал» хусусиятга эгалигини аниқлашган. Бактериялар қанот юзасида пайдо бўлганида уларнинг ташқи пўстлоғи бир неча ўткир тароқларга ёпишади ва чўзилишни бошлайди. Охир-оқибат ҳужайра пўстлоғи шу даражада чўзиладики, йиртилиб кетади, ҳужайра ички қисмини озод қилади ва бактериялар қирилиб кетади. Масалан, Psaltoda claripennis ҳашаротининг қанотлари ҳам антибактериал хусусиятга эга.

Фото: hi-news.ru

Суинберн технологик университети тадқиқотчиларининг сўзларига кўра, бу худди резина қўлқопнинг чўзилишига ўхшайди. Агар у турли томонга тортилса, унинг ўрта қисми шу қадар ингичкалашадики, натижада йиртилади. Янги илмий иш доирасида олимлар алюминийдан ҳашаротлар қанотлари тузилишининг нусхасини яратишди. Улар материал юзасига ҳуснбузарлардан тортиб, пневмониягача бўлган бир неча касалликларга сабаб бўлувчи тилларанг стафилококк бактерияларини жойлаштириб кўришди. Вақт ўтиши билан шарсимон бактериал йўқ бўлди.

Фото: hi-news.ru

Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, алюминий қотишмасидан ишланган янги эшик тутқичлари ҳар икки соатда ўз-ўзини тозалаб туради. Шунингдек, тажрибалар давомида узоқ вақт ўтса ҳам қотишма ўзининг антибактериал хусусиятларини сақлаб қолиши маълум бўлди. Қайд этиш керакки, алюминий ишқорли ишлов бериш учун энг яхши материалга айланди. Чунки бошқа металлар бактерияларни йўқ қилувчи нотекисликларни ҳосил қилмаган.

Қўллар гигиенаси

Янги материалдан ишланган эшик тутқичларини касалхонадан ташқари бошқа жамоат жойлари, масалан аэропортларда ҳам қўллаш мумкин. Business Insider маълумотларига кўра, ҳожатхонадан чиққанидан кейин фақат 70 фоиз кишигина қўлларини ювишади. Америкалик олимларнинг фикрига кўра, агар қолган 30 фоиз кишилар ҳам гигиенанинг ушбу муҳим қоидасига амал қилишганида коронавирусга ўхшаган хавфли касалликлар тарқалишини икки мартага секинлаштириш мумкин бўларди.

Фото: hi-news.ru

Янги материал аэропортларда ҳам фойдали бўлиши мумкин, бироқ унинг жамоат жойларида қай даражада самарали бўлиши маълум эмас. Масаланинг аҳамиятли бир жиҳати бор. Тадқиқотчилар юза бактериялардан ҳар икки соатда тозаланишини айтишяпти. Ахир аэропорт ва бошқа жамоат жойларида эшик тутқичлари деярли ҳар дақиқада ушланади.

Шундай экан, янги эшик тутқичларидан касалхона ва аэропортларда фойдаланиш катта шубҳа остида. Уйда эса у бизга асқатиши аниқ. Эшик тутқичини тайёрлаш осонлиги учун материал қиммат бўлмаса керак ва ундан ҳамма фойдалана олади.

Мавзуга оид