Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мўйноқлик ёшлар оғир чўл шароитида иссиқхонадан даромад олмоқда
Бошида кўпчилик ишонмади. Ахир Мўйноқнинг ёзда олов пуркайдиган жазирамаси-ю қишда бадан-баданингни сирқиратадиган изғиринида, камига Оролдан мерос шўрхок тупроғида замонавий иссиқхона барпо қилиб, ҳосил олиш қай бир маънода эртакка ўхшаброқ кетади. Аммо мўйноқлик ёшлар саҳрода ишлаб, даромад топишни уддалашди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистондаги Халқ қабулхоналари, секторлар раҳбарлари бу йигит-қизларнинг эзгу орзуларига камарбаста бўлмоқда. Беш ой нари-берисида Қипчоқдарё овулида қурилган 1 гектардан зиёд иссиқхонада бугун етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари овозаси бутун Оролбўйи бўйлаб таралмоқда. Шу боис саҳро қўйнидаги бу иссиқхонани ўз кўзи билан кўриш учун атай Мўйноққа келадиган ёшлар сафи кенгаймоқда.


Бу гал тажриба алмашиш учун Нукус шаҳридан келган ёшлар Мўйноқдаги тенгдошларининг чўл ичидаги иссиқхонадан йигирма кунда 36 тонна бодринг узиб, сотишга эришганини эшитиб, ҳайратланишди. Ҳадемай улар помидор сотишни бошлашади. Бир бўлак майдонда ҳавасга экилган булғор қалампири-ю бақлажон ҳам униб, ҳосил берди.


Мўйноқ ёшлари ўз қўллари билан етиштирган сабзавот маҳсулотлари билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига ҳам ҳисса қўшишга улгуришди. Куни кеча Мўйноқнинг Таллиўзак, Дўстлик, Мадели, Қозоқдарё, Учсой каби 11 та овулидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 200 дан ортиқ оилага етказиб берилган навбатдаги эзгулик карвонида 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қаторига Қипчоқдарё овулидаги иссиқхонадан янги узилган сабзавотлар ҳам қўшилди.


Ёшлар билан навбатдаги мулоқотда неча йилдан бери ўз деҳқонини кутиб ётган Мўйноқ тупроғидан, ерости сувларидан унумли фойдаланиб, янги-янги далалар, ихчам иссиқхоналар барпо қилишга келишиб олинди. Эрта-индин Қипчоқдарё овулидаги 10 та ёш оиланинг ҳовлисида ёки ҳовли этагидаги бўш майдонларда ҳар бири 10 сотихли 10 та замонавий иссиқхона қурилиши учун грант маблағи ажратиладиган бўлди. Илк ҳисоб-китобларга кўра, 10 сотихли иссиқхонадан ойига камида 8-10 миллион сўм даромад топиш мумкин.
Мавзуга оид
17:19 / 11.04.2026
Тошкентда ҳаво сифатини яхшилаш: иссиқхоналар Сурхондарёга кўчирилади
10:31 / 30.03.2026
Иссиқхона хўжаликларига янги имтиёзлар берилади
20:33 / 23.03.2026
1 октябрдан Тошкент шаҳри ва туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этиш чекланади
10:10 / 28.02.2026