Спорт | 08:31 / 13.06.2020
10629
7 дақиқада ўқилади

Мухлисларсиз футбол. «Барселона» учун фойдами ёки зарар?

Испания чемпионати ҳам давом эттирилмоқда. Ўртадаги фарқ атиги 2 очко бўлиб турганини эътиборга олсак, «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги чемпионлик пойгаси жуда қизиқарли кечишига шубҳа йўқ.

Фото: Getty Images

Футбол сўнгги бир неча ойда янги шартлар билан танишади. Ҳар ерда биз мухлисларсиз футболга гувоҳ бўламиз. Илгари ҳам турли сабаблар билан қандайдир алоҳида ўйинлар ёки жамоалар мухлисларсиз ўтишига тўғри келган. Аммо бу сафар бошқача. Энди, бу бир футболдаги ноодатий шарт эмас, яқин ойларда футболнинг бир қисмига айланади. Барча жамоалар, футболчилар мана шу шароитда тўп суришга мажбур бўлишади. Бунинг ҳам ўзига яраша фарқлари, таҳлил қилишга арзирли жиҳатлари бор.

Масалан, кўп ўқияпман - айтайлик, янги шароитлар, мухлисларсиз ўйнаш «Барселона»дан кўра «Реал»га қулайроқ бўлар экан ва мадридликларнинг имкониятлари шунинг учун юқори баҳоланяпти. Асос сифатида эса, «Барселона»нинг «Реал»дан кўра «уй жамоаси» экани келтириляпти. Статистикага кўра, ушбу мавсумда «Барселона» «Камп Ноу»да 95 фоиз очко олган. Сафарда эса, атиги 40 фоиз. «Реал»да бу кўрсаткич анча мувозанатли - 79га 60. Шундан келиб чиқиб, гўё, уй ўйинларида мухлислар қўллаб-қувватлашига «Барселона» кўпроқ муҳтож экани айтиляпти ва энди, мухлисларсиз стадионда қийин бўлиши тахмин қилинмоқда.

Мен бу фикрга қўшилмайман. Сабаби, бу ерда икки жиҳат бор. Уй ўйинлардаги мухлислар, тушунарли, «Барселона»га кўпроқ ёрдам беради. Лекин шу билан бирга, сафар ўйинларидаги рақиб мухлисларининг зарари - бу эътибор берилмаётган бошқа бир омил. Яъни юқорида айтилган «40 фоиз» фақат «Барселона» ўз мухлисларисиз ўйнай олмаслигини эмас, рақиб мухлислари қаршисида ўйнай олмаслигини ҳам ифодалаши мумкин. Яъни, «уй жамоаси» деб таърифланадиган жамоани шунингдек, «сафарда ўйнай олмайдиган жамоа» деб ҳам ҳисоблашимиз мумкин. Бироз фарқли тушунчалар. 

Буни оддий кўз билан ҳам тасдиқлаш осон. «Барселона»нинг сўнгги йиллардаги энг аламли мағлубиятларини эсланг. Чемпионлар Лигасида Римдаги ва Ливерпулдаги оғриқли, йирик ҳисобдаги мағлубиятлар. Ҳар икки ҳолатда ҳам, жамоалар таркиби, томонлар имкониятлари бу даражада ҳисобга тортадиган ҳолатда эмасди. Аммо айнан римлик ва ливерпуллик мухлислар фактори, уларнинг стадионни ўзига хос тарзда меҳмонлар учун «жаҳаннам»га айлантиришлари катта аҳамият касб этган.

«Рома» ҳам, «Ливерпуль» ҳам аниқ тактика ва ўйин ҳисобига эмас, кўпроқ эмоционал муҳит ёрдамида «Барселона»ни зарарсизлантиришган. Зеро, ҳар икки ўйинда ҳам меҳмонларда вазиятни бошқа томонга буриш учун имкониятлар, шароитлар бўлганди. Фақат ҳисобнинг кутилмаганда хавфли ҳолатга келиб қолиши «Барселона» ўйинини сочиб юборганди. Жамоа бутунлай майдонда йўқолиб қолганди.

Бу ҳам рақиб мухлисларининг таъсири. Демак, бемалол айтиш мумкинки, юқорида тилга олинган 40 фоиз «Барселона»га ўз мухлислари етишмаслигидан эмас, рақиб мухлисларнинг фаоллиги ҳисобига ҳам рўй берган бўлиш эҳтимоли катта. Бундан ташқари, катта ўйинларда провинциал жамоалар мухлислари ўзини одатдагидан фаол тутишлари, кучли рақибга қарши кўпроқ тайёрланиши бор гап. Ўз навбатида «Камп Ноу» каби стадионлар оддий ўйинларда анча тинч бўлади. Мухлислар театр томоша қилгандек, керакли пайтда олқишлаб, пассив тарзда ўйин кузатишни яхши кўришади. Қачонки, йирик ўйинлар бўлса, қандайдир аниқ ҳисоб ёки ғалаба зарур бўлганида, алоҳида тайёргарлик кўришлари мумкин.

Айтмоқчиманки, футболдаги мухлислар факторини ўрганаётганда, топ-клублар учун «уй-учрашувлари» таъсирини бу қадар бўрттириб юбормаслик керак. «Барселона» «Камп Ноу»да 95 фоиз натижа кўрсатгани факт, лекин бу аслида майдондаги устунлик ёрдамида бўлгани, сафар ўйинлари билан ўртадаги тафовут эса, айнан рақиб стадионларидаги муҳит туфайли пайдо бўлаётгани ҳақиқатга яқин.

Бундай фикрлашда давом эттирсак, энди «Барселона» мухлисларсиз ўтган ўйинларда 90-95 фоизлик кўрсаткичга ҳам эришиши мумкин. Масалан, Германияда «Бавария» мухлисларсиз ўйинларда юз фоизлик натижа кўрсатиб келяпти. Таркиб ва салоҳият борасидаги иккинчи немис жамоаси «Боруссия» эса фақат «Бавария»га ютқазиб, қолган ўйинларда ғалаба қозонди. Энди тасаввур қилинг, бу ўйинлар ҳаммаси аввалги шароитларда ўтганида қандай бўларди? «Боруссия» ўз майдонида, мухлислар ёрдамида «Бавария»дан очко олиш имконияти каттароқ бўларди, менимча. Яъни мухлислар фактори аслида, кучсиз жамоаларнинг имкониятини кучлига қарши яқинлаштиради. Фақат фаол мухлислик ва ўзига яраша муҳит ёрдамида, футболнинг эмоционал жиҳатини ошириш, шу орқали, кучли жамоани уз устунлигини намойиш қилишига халақит бериш мумкин. Юқорида эсланган Рим ва Ливерпулдаги ўйинлар каби.

Аксинча, мухлисларсиз ўйнаш, аслида сафарда яхши ўйнайдиган «Реал»га кўпроқ зиён келтирса ҳам ажабланмасдим. Чунки «Реал»нинг ҳатто «Сантьяго Бернабеу»даги кўрсаткичлари паст. 79 фоиз. Бу дегани, ҳатто уй учрашувлари устунлигида ҳам кўрсаткич атиги 79 бўлган экан, мухлисларсиз бу ҳолат янада тушиши ҳам мумкин. Рақиб мухлислари, рақиб стадиони «Реал»га у қадар таъсир қилмас экан, демак ўша стадионлардаги «жимлик» ҳам кўрсаткични у қадар ошириб юбормаслиги турган гап.

Бу албатта, шунчаки муайян бир омил ҳақидаги мулоҳазалар, холос. Албатта, ўйин ёки турнир натижасига фақат бу эмас, яна таъсир қилувчи бир қатор факторлар бор. Жамоаларнинг спорт формаси, жароҳатлар, таркиблар, омад, хатолар ва ҳоказо. Янгича шароитдаги футбол бироз бошқача бўлса ҳам, барибир футбол. Оз қолди.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид