Англия: «Арсенал» яна «Вилла»га ютқазди

«Астон Вилла» – «Арсенал» 2:1
Голлар: Кэш, 36 (1:0). Троссар, 52 (1:1). Буэндия, 90+5 (2:1)
«Астон Вилла»: Мартинес, Конса, Пау Торрес (Линделеф, 87), Матсен, Кэш (Буэндия, 87), Онана (Богард, 75), Камара, Тилеманс, Роджерс, Макгинн (Санчо, 75), Уоткинс (Мален, 66)
«Арсенал»: Райя, Инкапие, Тимбер, Калафиори (Люис-Скелли, 86), Уайт, Субименди, Райс, Эдегор, Эзе (Йокереш, 46), Сака (Мадуэке, 79), Мерино (Троссар, 46, Мартинелли, 86)
Огоҳлантиришлар: Калафиори, 72. Сака, 74

«Арсенал» ёздан бери ютқазмай келаётганди, аммо бу турда жамоани Бирмингҳэмга қийин сафар кутатганди. «Астон Вилла» ҳозирда юқори спорт формасида, жамоа бош мураббийи Унаи Эмерининг эса собиқ жамоаси «канонирлар» билан ўз ҳисоб-китоби бор. Меҳмонлар ўйинни биринчи рақамда бошлади ва хавфли вазиятлар яратди, эпизодлардан бирида Эмилиано Мартинес бор маҳоратини ишга солишига тўғри келди, яна бир вазиятда эса лондонликларнинг голи офсайд туфайли бекор қилди. Аммо бу вазиятлардан чиқиб олган мезбонлар ҳисобни очишди. Чап қанот ҳимоячиси қарама-қарши қанотга узатма берди, ўнг қанотда бўш қолдирилган ҳимоячи Кэш тўпни Райянинг оёқлари орасидан ўтказди.

Иккинчи бўлим «Арсенал»даги ўзгаришлар билан бошланди. Мерино ва Эзе ўрнига Йокереш ҳамда Троссар майдонга тушишди. Бу меҳмонлар ҳужумига импулс қўшди. Икки футболчида ҳам кетма-кет вазиятлар юзага келди ва айнан белгиялик вингер 59-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Бу Троссар учун АПЛдаги 50-голга айланди, у жорий мавсумда «гол+пас» бўйича 6+5 кўрсаткичини қайд этмоқда – бу эса ротация футболчиси учун ёмон натижа эмас.

«Арсенал» яна ташаббусни қўлга олди ва рақибни узил-кесил таслим қилишга ҳаракат қилди, аммо «Вилла» яна рақиб босимидан чиқиб кета олди. Аввалига Мален қулай вазиятда аниқ зарба бера олмади, ўйинга қўшиб берилган дақиқалар тугаётганида эса меҳмонлар ҳимоячилари тўпни жарима майдонидан узоқлаштира олмади ва захирадан тушганига кўп бўлмаган Буэндия ғалаба голини уриб кетди – 2:1.

Бу «канонирлар» учун Микел Артета даврида «Вилла»дан олтинчи мағлубият бўлди. Жамоа учун АПЛда бундан қийинроқ рақиб фақат «Манчестер Сити» (7 мағлубият). Шундай экан, шанба кунги ўйин натижасини сенсация деб бўлмайди. Мавсум стартидаги муваффақиятсизликдан кейин (ғалабасиз тўрт ўйин) «Вилла» ўз ўйинини топиб олди ва кучли учликка мустаҳкам ўрнашиб олди (биринчи ўрин билан фарқ атиги 3 очко).