Жамият | 21:34 / 13.06.2020
7934
2 дақиқада ўқилади

«Раҳбар лавозимида ишлаётган аёллар улуши 7  фоизга ҳам бормайди» – Боситхонова

Республикада соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва спорт соҳасида 82,6 фоиз, фан, таълим, санъат ва маданият соҳаларида 72,1 фоиз, қишлоқ хўжалиги соҳасида 45,5 фоиз, саноатда 38,5 фоиз, қурилиш соҳасида 8 фоиз хотин-қизлар фаолият кўрсатмоқда. 

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Эльмира Боситхонова аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги фаолият қониқарсиз эканлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда республика бўйича раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётган аёллар улуши 7  фоизни ҳам ташкил этмайди.

“Жойларда хотин-қизларнинг етакчилигини таъминлашда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўлимларининг фаолияти қониқарсиз аҳволда қолмоқда.

Ҳудудларга бу борада меъёрий ҳужжатлар ижро учун юборилганлигига қарамай, фаол, ибратли хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини таъминлаш борасида ҳеч қандай иш олиб борилмаётгани жойларга борганда маълум бўлмоқда”, деди Боситхонова “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимни жорий этиш масаласига бағишланган 
видеоселектор йиғилишида.

Маълум қилинишича, республикада соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва спорт соҳасида 82,6 фоиз, фан, таълим, санъат ва маданият соҳаларида 72,1 фоиз, қишлоқ хўжалиги соҳасида 45,5 фоиз, саноатда 38,5 фоиз, қурилиш соҳасида 8 фоиз хотин-қизлар фаолият кўрсатмоқда. 

Вакиллик органлари ва парламент депутатлари орасидаги хотин-қизлар улуши 32 фоизни  ташкил этади. Турли даражадаги давлат мукофоти совриндорлари бўлган хотин-қизларнинг бугунги сони  – 2 минг 283 нафар.

“Аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш мақсадида вазирликдаги Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятини ошириш бошқармаси томонидан турли ташкилотлар, сиёсий партиялар билан ҳамкорлик ўрнатиш, ижтимоий фаол аёлларни ўқитиш, малакасини ошириш, турли раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш ишларини тизимли йўлга қўйиш борасида масъулиятни ошириш ва ҳудудларга амалий ёрдам кўрсатиш  лозим”, дея таъкидлади вазирнинг биринчи ўринбосари. 

Мавзуга оид