Жаҳон | 09:14 / 14.06.2020
8032
2 дақиқада ўқилади

Японияда тижорий ракетанинг учирилиши муваффақиятсиз якунланди 

Япониянинг хусусий компанияси Interstellar Technologies 14 июнга ўтар кечаси ўзи ишлаб чиқарган MOMO ракесининг навбатдаги парвозини ўтказди. Бироқ парвоз муваффақиятсизлик билан якунланди.  

Фото: EPA

Ракета старти муваффақиятли кечган, бироқ ракета парвоз бошлангандан бир неча дақиқа ўтиб осмонда бўлакланиб кетган. Айни вақтда бунга нима сабаб бўлгани номаълум. 

Ушбу ракетанинг парвози дастлаб 2019 йилдаёқ ўтиши керак бўлган. Бироқ бир қатор сабабларга кўра бир неча марта қолдирилган. Ракетани учиришга уринишлардан охиргиси май ойида коронавирус сабабли бекор қилинган. 

Ракета узунлиги 10 метр, диаметри 50 см бўлиб, бир тоннага яқин келади. Аввалги сафарлар каби компания ракетани ишлаб чиқиш учун маблағни краудфандинг платформаси орқали тўплаган. Бир қатор ҳомий компаниялар тикилган маблағлар эвазига ўз маҳсулотини антиқа тарзда реклама қилиш имкониятини олган. Бу уринишда ракета бортида саке бутилкаси ва “Панама гейша” навидаги кофе донлари бўлган.

Баъзи баҳолашларга кўра, ракета лойиҳаси 50 млн иендан (445 минг доллар) ошади. Компанияда келгусида кичик ўлчамли сунъий йўлдошларни орбитага чиқаришга мўлжалланган ихчам ракеталар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйишга умид қилинмоқда.

Ракетани фазога чиқаришдан аввалги 4 та уринишдан 3 таси ҳам турли техник носозликлар сабабли муваффақиятсиз якунланганди. Бироқ 2019 йил майида амалга оширилган парвоз режадагидек ўтиб, ракета очиқ фазога чиқиб, 113 км баландликка эришган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид