Ўзбекистон | 13:54 / 15.06.2020
7142
2 дақиқада ўқилади

Карантинда ёзги болалар оромгоҳлари фаолияти қандай ташкил этилиши бўйича маълумот берилди

Бу йил коронавирус пандемиясини ҳисобга олган ҳолда дам олишга бораётган болалар ва тарбиячи ходимлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Ота-оналар ва болаларнинг бошқа яқинларига уларни кўриш учун оромгоҳларга боришга ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб боришга рухсат берилмайди.

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда карантин даврида ёзги оромгоҳлар фаолиятига доир маълумотларни тақдим этди.

Унинг таъкидлашича, болаларни хавфсиз дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил қилиш учун Республика мувофиқлаштирувчи комиссияси баёнига асосан, 80га яқин болалар оромгоҳлари фаолият кўрсатиши режалаштирилган. Уларнинг айримлари ҳозирда иш бошлаган.

«Бу йил коронавирус пандемиясини ҳисобга олган ҳолда дам олишга бораётган болалар ва тарбиячи ходимлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Ота-оналар ва болаларнинг бошқа яқинларига уларни кўриш учун оромгоҳларга боришга ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб боришга рухсат берилмайди.

Бундан ташқари, ҳар бир оромгоҳда тегишли эпидемияга қарши тадбирлар белгиланган», дея қайд этди Нурмат Отабеков.

Шунингдек, ҳар йили мактабларда фаолият юритадиган кундузги оромгоҳлар масаласи ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Ҳозир барча турдаги таълим муассасалари, жумладан, мактаблар фаолияти ҳам тўхтатилган. Шу сабабли мактаблар қошидаги оромгоҳлар ҳам жорий йил фаолият юритмайди», деди Бош давлат санитария инспектори.

Мавзуга оид