09:29 / 15.06.2020
10239

Пекинда коронавирус тарқалиши хавфи юқорилиги маълум қилинди

Пекиндаги улгуржи озиқ-овқат бозорида коронавирус ўчоғи аниқлангандан кейин Хитой пойтахтида вируснинг тарқалиши хавфи юқори деб баҳоланмоқда. Бу ҳақда Пекин ҳукумати матбуот котиби Сюй Хэцзянь маълум қилди. 

Фото: AP Photo / Yan Linyun/

13 июнда “Синьфади” бозорида лосос балиғини нимталаш тахтасида коронавирус аниқлангандан кейин бозор вақтинча ёпиб қўйилди. Бозор жойлашган Фэнтай туманида ҳарбий давр режими киритилди

Сюй Хэцзяннинг таъкидлашича, ҳукумат юзага келган вазият сабабли энг қатъий чораларни қабул қилади, бозорда ва унга ёндош ҳудудларда синчков эпидемиологик тергов ўтказади, инфекция ўчоғини топиб, вирус тарқалиши ўчоғи ва қўшни ҳудудлардаги одамларни коронавирусга текширади.

Маълум қилинишича, Пекинда 14 июнда 76 мингдан кўпроқ киши коронавирусга текширилган, улардан 59 нафарининг таҳлили мусбат чиққан. 

Пекинда коронавирус тарқалиши сабабли Фэнтай тумани раҳбари ўринбосари Чжоу Юйцин, унинг қўл остидаги бир неча ходими ўз лавозимидан маҳрум этилган. Улар маҳаллий бозорда вирус тарқалишига олиб келган масъулиятсизликда айбланмоқдалар.

Таъкидлаш жоиз, 11 июнгача 56 кун давомида Пекинда коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмай келинаётганди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top