Скрипалларни заҳарлашда ишлатилгани айтилган «Нукус заҳри» чиндан ҳам мавжудми?
The Sunday Times нашри Россия марказий разведка бошқармаси (ГРУ) собиқ офицери Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлиянинг бошқа исмлар билан айни дамда Янги Зеландияда яшаётгани ҳақида хабар тарқатди. Ота-қиз атрофидаги воқеалар 2018 йилдан буён бутун дунё ОАВлари нигоҳида бўлиб келмоқда.
Ҳа, 2018 йилда дунёдаги энг шов-шувли ва можароли воқеаларнинг бири Буюк Британиянинг Солсбери шаҳридаги ота-қиз Скрипалларнинг заҳарланиши бўлди.
Расмий Лондон Россия Бош разведка бошқармаси (ГРУ) собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлиянинг заҳарланишида Москванинг қўли борлигини таъкидлаб, Кремлни кимёвий қурол тўғрисидаги конвенцияни бузганликда айблади ва унинг ортидан қатор ғарб давлатлари Россияга санкциялар жорий қилди, яъни 150 нафардан ортиқ россиялик дипломатларни чиқариб юборди, Россия ҳам худди шундай жавоб чоралари қўллади, муносабатлар эса анча таранглашди.
Россия раҳбарияти кимёвий қуролларни ишлаб чиқариш 1990 йилларда тўхтатилгани ва 2017 йилда барча кимёвий қуроллар йўқ қилинганини таъкидлаб, Лондон қўйган барча айбловларни рад этиб, далиллар йўқлигини иддао қилди.
Скрипалларнинг заҳарланиши бўйича биринчилардин бўлиб хабар тарқатган Би-би-си ушбу заҳарловчи модданинг собиқ Иттифоқда ишлаб чиқилган ҳарбий асаб-фалажлаш агенти – «Новичок» эканини таъкидлаб, унинг Ўзбекистонда, яъни Нукус (Устюрт)да синовдан ўтказилганига урғу берди. Дунёнинг яна бир нечта ОАВлари ҳам шу фактга эътибор қаратди, баъзилари уни «Нукус заҳри» ёки «ўзбек заҳри» дея атади.
Бу модда қаёқдан пайдо бўлди?
Би-би-сига кўра, «Новичок» СССРда Органик кимё ва технология давлат иттифоқ илмий-тадқиқот институтида яратилган. Ушбу заҳарли моддаларни ишлаб чиқиш дастури «Фолиант» деб номланган.
Солсберидаги воқеа бўйича суриштирув олиб борган The Times нашри модданинг Саратов яқинидаги Шихани шаҳрида жойлашган ҳарбий илмий-тадқиқот базасида ишлаб чиқарилганини маълум қилганди.
«Новичок» тўғрисида илк маълумот 1992 йилда «Московский новости» газетасида «Заҳарланган сиёсат» деб номланган мақолада эълон қилинган. Мақола муаллифлари – Органик кимё ва технология илмий-тадқиқот институти собиқ ходими Вил Мирзаянов ва Россия Фанлар академиясининг Геокимё ва аналитик кимё институти етакчи илмий ходими Лев Федоров эди.
Шу мақоладан сўнг Мирзаянов давлат сирини фош қилганликда айбланган, лекин кейинчалик олимларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари топилмагач, иш тугатилган.
Муаллифларнинг ушбу мақоласида («Московский новости» газетаси, 1992 йил 20 сентябрь, 38-сон) хавфли қуролнинг Ўзбекистонда, яъни Нукусга яқин жойда Устюртда синовдан ўтказилгани, синов полигони 1992 йилда фаолиятини тўхтатгани айтилади.
Россия томони Скрипалларни заҳарлаган модданинг айнан АҚШда ишлаб чиқарилганини эълон қилган. Кейинчалик ушбу модда Чехияда ҳам ишлаб чиқилгани маълум бўлди.
Модданинг хавфлилик даражаси қандай?
Вил Мирзаянов ва Лев Федоровнинг «Московский новости» газетасидаги мақоласида таъкидланишича, Органик кимё ва технология давлат иттифоқ ИТИда яратилган янги заҳарловчи моддадан заҳарланган одам қайтиб тузалмайди ва бир умр ногирон бўлиб қолади.
Ушбу заҳарловчи модда асосида кимёвий қурол ҳам яратилган, қуролни яратувчилар эса юқори даражада мукофотланган.
«Заҳарланишнинг оқибатлари ўнлаб йиллар давом этади. Агар модда танага озгина миқдорда кирса ҳам, унинг оқибатлари узоқ давом этади», дейди Мирзаянов Би-би-си`га берган интервьюсида.
ОАВ маълумотларига кўра, «Новичок» билан «Круглый стол бизнеса России» жамоат бирлашмаси асосчиси, йирик банкир Иван Кивелиди ҳам рақиблари томонидан заҳарланиб ўлдирилган.
Буюк Британиянинг Эймсбери шаҳрида 2018 йил 8 июлда вафот этган Дон Стержесснинг ўлимига ҳам «Новичок» сабабчи бўлгани айтилади.
Солсберида ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни заҳарлашда қўлланган ҳамда атир идишида бўлган асаб-фалажловчи модда миқдори 4 минг кишини ўлдириш учун етарли бўлгани дунё ОАВларида кенг ёритилди.
Хавфсизлик соҳасидаги манбалар модданинг юз фоиз «Новичок» бўлганини тасдиқлади. Унинг таркиби XX аср ўрталарида амитон асосида яратилган заҳарловчи моддаларга қараганда 5-8 марта заҳарлироқдир.
«Новичок» (Нукус заҳри ёки ўзбек заҳри) нега шундай номланган ва у Устюртда синовдан ўтказилганми?
«Новичок» деб номланувчи заҳарловчи модданинг нима учун шундай аталгани тўғрисида аниқ маълумот йўқ ва унинг Устюртда синовдан ўтказилгани тўғрисида ҳам аниқ далил мавжуд эмас.
Бу ном ғарб ОАВларидан кириб келгани айтилади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги спикери Мария Захарова «Россия 24» телеканалига берган интервьюсида шундай фикрни илгари сурган.
«Собиқ Иттифоқ ва Россия ҳудудида ва даврида ҳам «Новичок» деб тўғри ёки код билан номланувчи тадқиқотлар ўтказилмаган. У патентланмаган, рамз, шифр ёки код сифатида ишлатилмаган. Ҳеч қачон СССРда ҳам, Россияда ҳам «Новичок» сўзи кимёвий элементларнинг ривожланиши нуқтайи назаридан ишлатилмаган. Бу сўз Ғарбда кимёвий элементлар ва токсик таъсир кўрсатадиган материалларга нисбатан ном сифатида ишлатилган ва қўлланилган» деган у.
Захарованинг фикрича, ўтган асрнинг 90-йилларида Россиядан кўплаб олимлар хорижга чиқиб кетган; нафақат чиқиб кетган, балки ўзлари билан шуғулланган технологияларини ҳам олиб кетган ҳамда ғарбдаги олимлар билан янги ишланмаларини амалга оширган. Шундай ишланмаларининг бирини «Новичок» деб атаган.
Модда Ўзбекистонда, яъни Қорақалоғистондаги Устюрт саҳросида синовдан ўтказилган деб эълон қилингандан кейин хорижий ОАВларда «Нукус заҳри» ёки «ўзбек заҳри» деб қўлланилган.
1984-1988 йилларда Нукусдаги ҳарбий қисмлар мажмуасининг кимёвий қуроллардан ҳимояланиш воситаларини яратиш маркази (26382-сонли ҳарбий қисм)да хизмат қилган захирадаги полковник Виктор Абрамов ҳам тўрт ярим йил кимёвий қуроллар синовини ўтказишда иштирок этганини таъкидлаб, бирон марта бўлса ҳам «Новичок» сўзини эшитмаганини маълум қилади.
Биз у билан электрон почта орқали гаплашдик.
«Бизда бундай ном йўқ эди. Кимёвий қуроллардаги барча синов рецептлари кодланган, масалан «P-nn» деб қўлланарди, бу ерда «nn» – рецепт рақамини англатади» – дейди у.
Баъзи хорижий ОАВлар модда гўёки Қорақалпоғистондан олиб келинганига шама қилган.
Қорақалпоқ давлат университети профессори, биология фанлари доктори Гаффар Асенов эса Буюк Британиядаги асаб билан заҳарланиш можаросига жавобан, модданинг Қорақалпоғистондан бўлиши мумкин эмаслигини айтди.
90 ёшдан ошган Асенов бутун умри давомида Оролбўйи ҳудудини тадқиқ қилиб келган.
– 1992 йилда, тахминан ярим йил давомида бошқа мутахассислар қатори мен ҳам Оролдаги полигонни зарарсизлантиришда бевосита иштирок этдим. Айтишим керак, биз ҳеч қандай контейнер ёки уларнинг изларини топмадик. Бугунги кунга қадар биз нафақат лабораториялар жойлашган жойлардан, балки бошқалардан ҳам синовларни ўтказмоқдамиз, бунда бруцеллёз, вабо ва куйдирги штаммлари мавжудлигига алоҳида эътибор берилмоқда. Биз уларни топа олмадик, – дея олимнинг сўзларини келтиради centre1.com сайти.
Гаффар Асенов ушбу маълумотларни бизга ҳам тасдиқлади.
– Устюртдаги полигонда «Новичок» синовдан ўтказилганини мен эшитмаганман ва у ер ҳозир хавфдан холи, – деди у.
Устюртдаги кимёвий қуроллар синови қандай кечган?
Вил Мирзаянов «Новичок»ни Нукуснинг қошидаги Устюртда синовдан ўтказилган, дейди. Аслида Устюртдаги полигон Нукусга камида 400 км олисда.
У жойга шахсан ўзим икки марта бориб кўрдим. Эски техникалар, машина, ҳаттоки самолёт қолдиқлари ҳам турган эди.
У жойни Устюрт аҳолиси «тақиқланган зона» ёки «40х40» (қирққа қирқ) деб номлашади. Шунинг ўзидан маълумки, полигон зонаси 40х40 км.ни қамраб олган. Ҳар бир километрда 5-6 метр келадиган тош устунлар турибди. Жаслиқ қишлоғидан полигон зонасигача бетон йўл ётқизилган. Одамлар унинг арматурасини олиш учун синдиришган. Бир вақтлари ташлаб кетилган кўмирларни ҳамон одамлар ташиётган шекилли, ҳар жойда халталарга солинган кўмирларни кўрдик. Шахсан ўзим пулемётнинг стволини, патрон қолдиқларини ва шохлари кесилган сайғоқ каллаларини кўрдим.
Ҳозир бу жой «Сайгачий» мажмуа ландшафти қўриқхонаси ҳудуди саналади. Ҳудудга кириш 2015 йилдан тақиқланган.
Ўтган асрнинг 80-йилларда бу жойда, яъни Устюртнинг жануби-шарқий қисмида (Жаслиқ қишлоғи яқинида) кимёвий қуроллар ва уларга қарши ҳимоя воситаларини синаш учун мўлжалланган «Саккизинчи кимёвий мудофаа станцияси» ҳарбий ўқув полигони ташкил қилинган. Бу ерда аввал биологик қуроллар синалган. Кейин биологик қуроллар синови Орол денгизи ўртасидаги Возрождение оролига кўчган ва ўрни кимёвий қуроллар синаладиган полигонга айлантирилган.
Полигондаги ишлар Нукусдаги ҳарбий қисмлар мажмуаси – «23 Государственный научно-исследовательский полигон (23 ГНИП)» томонидан бошқарилган. ГНИП – «8 Центр по обучению войск защите от зажигательного оружия вероятного противника» (8 ЦОВЗЗОВП) деб ҳам номланган.
СССР тарқаб, Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгандан кейин полигон фаолияти тугатилди. Ҳарбийлар Россияга олиб кетилди. Нукусдаги ҳарбий қисмлар мажмуаси ўрнида Ўзбекистон ҳарбий кучлари фаолият бошлади.
ГНИП иккита ҳарбий қисмлардан – кимёвий синов полки (44105-сонли ҳарбий қисм) ва кимёвий қуроллардан ҳимояланиш воситаларини яратиш маркази (26382-сонли ҳарбий қисм)дан ташкил топган эди.
Устюртдаги полигонда, 26382-сонли ҳарбий қисмда хизмат кўрсатган Виктор Абрамов chitalnaya.ru сайтида ўз мемуарларини жойлаштирган. «Нукус. Сайгаки» повестида айнан Устюртдаги кимёвий қуролларни синовдан ўтказадиган ҳарбий полигонда тўрт ярим йиллик ҳарбий хизмати мобайнида 3 маротаба бўлганини ва кўрган-билганларини ёзган.
Унга кўра, синов майдони «Б» деб номланган. «А» майдони эса Нукусдаги ҳарбий қисм. «В» эса Орол денгизининг ғарбий қисми Устюрт чинки этагидаги ҳарбийларнинг яшайдиган базаси.
«Ўтлоқ майдоннинг шамол томонида махсус ускуналарга ўрнатилган снарядлар портлатиларди. Портлаш пайтида ундан заҳарловчи модда сочилар эди ва осмонда заҳарланган булут ҳосил бўлиб, шамол бўйлаб тарқалар эди. Баъзида снарядлар ускуналардан портлатилмаган, балки милтиқлардан, гаубицалардан ва минометлардан отишма бўлган.
Бунинг учун Жаслиққа темир йўл орқали эшелонда қаердандир артиллерия взводи келиб, позицияларга жойлашиб, полигон майдони томондаги нишонларга отар эди.
Кимёвий қурол самолёт орқали сочиларди. Самолётдан сочилганда осмонда камалакли ажойиб булут ҳосил бўлар эди, лекин бу кўриниши ажойиб бўлгани билан ўта хавфли заҳар эди.
Бир йили қиш эртароқ келди. Биз одатда кун совуқ бўлгандан дарҳол амалиётни тўхтатар эдик. Сабаби, шимолдан минглаб сайғоқлар тўдаси келар эди. Сайғоқлар келишидан бир неча кун аввал синовни тўхтатмасак, улар заҳардан қирилиб кетиши мумкин ва шундай ҳам бўлди. Совуқ эрта тушиб, сайғоқлар биз кутгандан эртароқ келиб қолди. Ҳали полигон майдонида заҳар кетмаган эди ва оқибатида юзлаб сайғоқлар нобуд бўлди. Сайғоқларни зонадан ташқарида ўра қазиб кўмиб ташладик», дея эслайди В.Абрамов.
Унинг таъкидлашича, заҳар нари борса 10 кунгача хавфли бўлади, кейин зарарсизланади. Кўмилган сайғоқлар бўйича ҳам шуни айтиш мумкин. Амалиёт пайтида ҳудуднинг барча томони жиддий назорат остига олинган, сабаби бирон одам ёки жонзот яқинлашгудек бўлса, шу жойда ўлиб кетиши аниқ.
В.Абрамов «В» майдони тўғрисида ҳам тўхталади. «В» майдони – лагер базаси ҳисобланади. Денгизнинг ёқаси. Барча керакли озиқ-овқат ва қуроллар шу ерга етказилди. Ҳарбийлар шу ердан полигон майдонига қатнарди. «В» майдонида булоқ бор эди, суви тузлироқ. Лекин ичса бўлади. Мабодо сув тугаб қолгудек бўлса, шу булоқнинг сувидан ичардик. Булоқдан кунига 10-11 метр куб сув олинар эди. Сайғоқлар ҳам шу булоқдан сув ичарди», – деб ёзади Виктор Абрамов.
Айтилаётган манзилга биз ҳам бориб кўрдик. Платодан пастга тушадиган бетон йўл бор. Ҳанузгача ҳарбий қисмга оид бинолар сақланиб қолган. Негадир платонинг чинки портлатилган.
Айни пайтда мазкур ҳудуд «Сайгачий» мажмуа ландшафти қўриқхонасига тегишли. Ҳудудга кириш тақиқланган. Лекин хориждан келган сайёҳлар бориб туришади.
Бизнингча, шундай жойларни сайёҳлик мақсадида ҳам тарғиб қилган маъқул. Чунки бу жойларда совуқ уруш давридаги энг қўрқинчли қуроллар синовдан ўтказилган. Устюртнинг энг чиройли каньонлари ҳам шу томонларда. Яна милоддан аввалги V-IV асрлардан тортиб, ўтган асрнинг 90 йилларигача бўлган жуда қизиқарли тарихий объектларни учратиш мумкин.
Есимқан Қанаатов, журналист
Мавзуга оид
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
20:12 / 22.11.2024