Жамият | 08:38 / 18.06.2020
6704
5 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолияти такомиллаштирилади

Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, президентнинг 2020 йил 29 апрелдаги ПФ–5987-сон “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини юридик техникумларга қабул қилиш Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилиб, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий этилади;

номутахассислик фанлар сони қисқартирилиб, ўқув жараёни кредит-модуль тизимини қўллаган ҳолда ташкил қилинади;

юридик техникумлардаги мутахассислик ва касб тури ҳар бир ҳудуднинг “юриспруденция” йўналиши бўйича профессионал маълумотга эга бўлган кадрларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади;

юридик техникумлар педагог ходимларининг меҳнатини нормалаштириш Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) томонидан амалга оширилади;

юридик техникумларда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ва қўшма факультетлар ташкил этиш хорижий ҳамкорлар билан тузилган келишувлар асосида ТДЮУ томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларга ҳужжатларни қабул қилиш Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади;

ТДЮУ қошидаги академик лицейни муваффақиятли тамомлаган битирувчилари (55 фоиз ва ундан юқори натижаларга эга) юридик техникумларга кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқига эга;

“юриспруденция” йўналиши бўйича республика олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган, тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 60 фоизи ва ундан юқори баллни тўплаган абитуриентлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қарори билан доимий яшаш жойидаги юридик техникумларга қабул қилиш параметрларидан ташқари тўлов-контракт асосида танлов ўтказилмасдан қўшимча равишда қабул қилиниши мумкин;

ўқувчиларни юридик техникумларга ўқишини кўчириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади;

ўқувчилар юридик техникумдан ўз хоҳишига кўра, ўқиши бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан, саломатлиги туфайли (тиббий маълумотнома асосида), ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги, ўқув интизоми ва юридик техникумнинг ички тартиб қоидаларини бузганлиги, шу жумладан, узрсиз сабабларга кўра семестр давомида 74 соатдан ортиқ дарс машғулотларига қатнашмаслиги, одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги ҳамда ўқувчи суд томонидан юридик техникумга кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда (ушбу ҳолатда ўқувчилар сафидан четлаштирилганлар ўқувчилар сафига қайта тикланмайди) ва суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги ҳақидаги ҳукм чиқарилганлиги муносабати билан ўқишдан четлаштирилади;

юридик техникумлар ўқув юкламаси ҳажми Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади;

юридик техникумлар педагог ва раҳбар ходимларининг хорижий давлатлар таълим муассасаларида стажировка ўташлари улар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ малакасини оширишга тенглаштирилади;

ТДЮУ ва юридик техникумларда транспорт воситаларининг йўл босиш йиллик лимити, транспорт воситаларининг нормативлари ва уларга хизмат кўрсатиш талаблари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган холда тегишинча ТДЮУ ва юридик техникумлар томонидан мустақил белгиланади;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушган маблағлар, шу жумладан, табақалаштирилган контракт маблағлари юридик техникумнинг тўлалигича ва мустақил ихтиёрига ўтказилиб, юридик техникумнинг ривожлантириш Жамғармасида йиғилади;

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг қарори билан ҳудудий адлия органларининг раҳбарлари – юридик техникум директорларига юридик техникумнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан алоҳида меҳнат шароитлари учун ҳудудий адлия органлари раҳбарлик лавозим маошларига 100 фоизгача бўлган устама тўланиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги низомнинг амал қилиши, кредитларни бакалавриат талабалари учун белгиланган шартларда ажратиш орқали, юридик техникум ўқувчиларига ҳам татбиқ этилади.

Абитуриентларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш жорий йилдан бошлаб ЯИДХП ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази расмий веб-сайти, шу билан бир бирга 2021 йил 1 январдан Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид