Ўзбекистон | 15:22 / 18.06.2020
30673
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг икки мутахассисида коронавирус қайд этилди

Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги ички ишлар терговчисида, Бухоро вилояти кўз касалликлари шифохонасининг 3 нафар тиббиёт вакилида, Бойсун тумани Халқ банки филиали ходимида, Сирдарё вилоятидаги электр станцияси ишчисида, Миробод ва Чирчиқ туманларида яшовчи фуқароларда коронавирус аниқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги кеча, 17 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланган 13 киши ҳақида қўшимча маълумот берди.

«Ўтган кунлар давомида аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатларини кузатадиган бўлсак, одамлар кўп мурожаат этадиган ташкилотларда ва ижтимоий фаол фуқароларда касаллик қайд этилаётганини кўриш мумкин. Бу эса жамоат жойлари ҳамда одамлар серқатнов ташкилотларда касалликни юқтириб олиш хавфи юқори эканини кўрсатмоқда.

Аввал хабар қилганимиздек, 16 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 230 нафар беморнинг 20 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, кеча, 17 июнь куни эса 189 нафар бемордан 13 нафари аҳоли орасида тасдиқланди.

Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи ҳам, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати ҳам кишида хавотир уйғотиши табиий.

17 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида 5 нафар, Бухоро вилоятида 3 нафар, Тошкент вилоятида ҳам 3 нафар, Сурхондарё вилоятида эса 2 нафарни ташкил этди.

Жумладан, Тошкент шаҳри ички ишлар тизими терговчисида, Миробод туманида яшовчи фуқарода (иккаласида ҳам тана ҳарорати кўтарилган ва томоқда оғриқ кузатилгани сабабли ўзлари бориб намуна топширган), «Ўзбекистон ҳаво йўллари» АЖнинг 2 нафар мутахассисида (ишга чиқиш учун намуна топширган) касаллик қайд этилган.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Халқ банки филиали ходими ва унинг онасида, Сирдарё вилоятидаги электр станцияси ишчиси ва унинг ўғлида (тана ҳарорати кўтарилган ва Бекобод туманидаги шифохонага ётқизилган), Чирчиқ туманида яшовчи фуқарода (тана ҳарорати кўтарилган ва тез тиббий ёрдам хизмати орқали юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган), Бухоро вилояти кўз касалликлари шифохонасининг 3 нафар тиббиёт ходимида ҳам инфекция аниқланган.

Мазкур ҳолатда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, такрор бўлса-да, аҳолини ҳар қадамда хушёр ва огоҳ бўлишларини, карантин ва санитария  қоидаларига қатъий амал қилишларини сўрайди.

Коронавирус инфекцияси кутилмаган салбий асоратлар ва оқибатларга олиб келиши, унга қарши асосий қалқонимиз айнан санитария ва карантин қоидаларига сўзсиз амал қилиш эканини асло унутмаслигимиз керак», – дейилади вазирлик ахборотида.

Мавзуга оид