Жаҳон | 14:50 / 22.06.2020
56381
4 дақиқада ўқилади

Путин «рус халқининг СССР республикаларига совғалари» ҳақида гапирди

Россия президенти Владимир Путин мамлакатга 20 йил давомида раҳбарлик қилганида эришилган асосий нарсалар ва бугунги кунда энг муҳим бўлган жиҳатлар ҳақида гапирди. 

Фото: Россия 1

Владимир Путин «Россия 1» телеканалида намойиш этилган «Россия. Кремль. Путин» фильми муаллифи Павел Зарубин билан суҳбатда «рус халқининг СССР республикаларига совғаси», Ғарб билан муносабатлар, Украина президентининг Кремлга келиши ва энг мураккаб қарорлари ҳақида гапирди.

Путиннинг сўзларига кўра, совет иттифоқи тузилганда республикаларнинг унинг таркибидан чиқиши ҳуқуқи белгиланган, аммо жараён тартибга солинмаган.

«Савол туғилади: агар у ёки бу давлат совет иттифоқи таркибига кирган бўлса-ю, лекин жуда катта ҳажмдаги рус ерларини, тарихан Россияга тегишли бўлиб келган ҳудудларини ўзига олса, сўнг бирдан иттифоқдан чиқиб кетишга қарор қилса - унда, ҳеч бўлмаганда, нима билан келган бўлса, шу билан чиқиб кетиши, рус халқидан совғаларни ўзи билан олиб кетмаслиги керак эди», - деди Путин.

Шу билан бирга, у қайси республикаларни ва қайси ерларни назарда тутганини аниқ айтмаган.

Бундан ташқари, Россия президенти яна бир бор 2014 йилда Қримнинг Россияга қўшиб олиниши «ярим орол аҳолисининг демократик танлови» эканлигини таъкидлади.

«Қрим ҳар доим бизники бўлган, ҳатто ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳам», - дея қўшимча қилди у.

Путин Кремлда қабул қилган энг мураккаб қарорлари жуда кўп бўлганини айтиб ўтди. 

Унинг сўзларига кўра, Бош штабнинг операторлари ҳар доим унинг ёнида бўлади, бир неча сониялик яқинликда туради. 

«Давлат раҳбарлари доимо алоқада бўлиши керак. Доим. Бу шунчаки бурч. Аммо, шунга қарамай, ишлаган йиллар давомида мен ўзимни шундай тутишни ўргандимки, агар бўш вақт бўлганда, ўзим ёқтирган нарсани қиламан, масалан, спорт билан шуғулланаман ёки мутолаа қиламан, мусиқа тинглайман», - деди у.

Россия президентининг айтишича, мамлакат сиёсий тизими кўплаб устунларга эга бўлиши керак, у фақат давлат раҳбарига таянмаслиги керак. У жамият билан, давлат билан биргаликда ривожланиши керак. 

«Коррупцияга қарши ишлар сони кўпайиб бораётгани шуни кўрсатадики, уларнинг сони эмас, балки бу ҳолатни аниқлаш ошди. Масала - бу коррупциянинг даражасида. Биз уни минимал даражага камайтириш учун ҳамма нарсани қиламиз», - деди Путин.

Унинг сўзларига кўра, танқид қилишларига ўрганиб қолган.

«Бу муқаррар, бу ҳар қандай жамиятнинг ривожланиш қонунларидан бири. Сиздан бошқача тарзда фикрлайдиган одамлар ҳар доим бўлади», - деди Россия президенти.

Путиннинг айтишича, Украина президентининг Кремлга келиши барибир рўй беради.

«Менимча, бу муқаррар нарса. Албатта, бу амалга ошади. Савол - қачон? Биз кутамиз», - деди у.

Россия раҳбари мамлакат конституциясига киритилиши мўлжалланган тузатишлар ва президентликка яна бир муддатга сайланиш имкониятига эга бўлиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

«Биласизми, ҳозир очиғини айтаман. Агар бу содир бўлмаса, тахминан икки йилдан кейин, мен буни ўз тажрибамдан биламан, ҳокимиятнинг жуда кўп даражаларида одатий иш ўрнига эҳтимолий ворисларни қидириш бошланади. Ворисларни қидириш эмас, балки ишлаш керак. 

Мен ўзим учун ҳали ҳеч қандай қарорга келмадим. Агар бу Конституцияда вужудга келса, бундай имкониятни истисно қилмайман. Кўрамиз», - деди Путин.

Мавзуга оид