Ўзбекистон | 23:13 / 25.06.2020
14800
2 дақиқада ўқилади

Абитуриентларнинг апелляция бериши тартиби маълум қилинди

Тест синовлари натижасидан норози абитуриентлар Давлат комиссияси белгилаган муддатда Давлат тест марказида ташкил этиладиган апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.

Абитуриентга мурожаати асосида апелляция шикоятини кўриб чиқиш бўйича хабарнома берилади.

Бу ҳақда 25 июнь куни АОКАда ўтказилган брифингда Давлат тест маркази масъул ходими Диёрбек Қўчқоров маълумот берди.

ДТМ вакилининг сўзларига кўра, абитуриент апелляцияга хабарномада белгиланган кунда паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши талаб этилади.

Апелляция жараёнида абитуриентга у томонидан бажарилган тест материаллари тақдим этилади. Тақдим этилган материаллар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади.

Апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади. Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қўшимча қилинишича, ҳар йили абитуриентлардан апелляция шикоятларини қабул қилиш 20 августдан бошланган. Жорий йил эса пандемия шароити туфайли кириш имтиҳонлари ўтказилиш муддати олдингига қараганда чўзилади. Апелляция учун аризалар жорий йил ҳам тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг 10 кун муддатда қабул қилинади.

Қўшимча маълумотлар эса ДТМ томонидан маълум қилиб борилади.

Мавзуга оид