Спорт | 17:38 / 26.06.2020
20179
8 дақиқада ўқилади

Испания футболида яна можаро. «Реал»ни ҳакамлар чемпион қиладими?

«Севилья» билан дуранг «Барселона»га жуда қимматга тушиши турган гап эди, зеро агар «Реал» Сосьедаддаги «адаши» билан ўйинда ғалаба қозонса, биринчи ўринга чиқиб оларди. Очколар тенг бўлганида, ўзаро ўйин асосий ўлчовга айланиши эътиборга олсак, «Реал»нинг мавсум охирида пешқадамга айланиши каталонияликлар учун хавфли – энди вазият уларнинг қўлидан чиқиб бўлди.

Фото: fcbarcelonanoticias.com

Зидан шогирдлари қийин баҳсда ғалаба қозонишди, аммо бу ўйиндаги баъзи шубҳали вазиятлар Испания футбол оламида ўзига яраша резонансга сабаб бўлди.

Мисол учун, Пике. Севильядан кейин худди биз юқорида айтган фикрларимизга ўхшаш мулоҳазалар айтган бўлса-да, унинг гапларига тагмаънони ҳам сезиш қийин эмас: «Энди «Барселона»га Примерода биринчи ўринни олиш қийин бўлади. Сўнгги воқеаларга қарасак, «Реал» энди очко йўқотишини тахмин қилиш қийин»

Лекин агар яхшироқ эътибор берилса, «Барселона» ҳимоячиси «охирги воқеалар» деганда ҳакамлар корпусининг Мадридга хайрихоҳлигига шаъма қилмоқда. Пикенинг фикрларини «Барселона» президентлиги учун курашган Тони Фрейш ҳам қувватламоқда. «Кимларгадир, охирги ўн бир йилдаги саккиз чемпионлигимиз тинчлик бермаяпти шекилли. Испания босслари VAR’ни фирибгарлик қуролига айлантириб олишяпти», дея янада оғирроқ гапирди у.

Пике нималарга эътироз қилмоқда?

«Барселона» футболчиси «Реал» ўйинларини диққат билан кузатади, шунинг учун танаффусдан кейинги ҳолатда ҳакамлар мадридликларга ёрдам бераётгандек туюлмоқда: баъзи офсайдни кўрмай қолишади ёки ўйлаб топишади, голлар ҳисобланмайди, қизил карточкали вазиятларни беэътибор қолдиришади ва ҳоказо. 

«Эйбар»га қарши учрашувда Гильермо Куадро Фернандес Бенземанинг офсайдини кўрмай қолади ва ҳужумчи Тони Крооснинг ажойиб голида иштирок этади. Мадрид ўйиннинг бошидаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олади. «Валенсия» билан ўйинда эса, ҳакам Хосе Санчес Мартинес «Валенсия» ҳужумчиси Родригонинг голини ҳисобга олмайди – Макси Гомес тўпга теккан деб баҳолаб, офсайд қайд этади. 

Сосьедаддаги ўйинда эса, Хавьер Эстрада Фернандес роса «ҳаддидан ошди», Винисиусга қарши ишлатилган шубҳали қўполлик пенальтига сабаб бўлди, Янузайнинг голи ҳисобланмади, иккинчи голда эса, Бензема зарба беришдан олдин қўлини ишлатганди.

Буларнинг ҳаммаси Пикенинг қараши.

Испания матбуоти четда турмаяпти

Табиийки, ҳар доимгидек, испан матбуоти икки лагерга бўлинган – Мадрид ва Каталония. Масалан, пойтахтда жойлашган Marca нашри сўнгги ўйиндаги қарорлар ҳақида мақола чиқарди.

Собиқ ҳакам Андухар Оливер айтадики, «Янузайнинг голи ҳисобга олинмагани тўғри, чунки Микел Мерино офсайдда туриб, Куртуага халақит берганди. Бензема елкаси билан ўйнади, Льоренте эса, ростан ҳам Винисиусга қарши қоида бузганди».

Табиийки, Сосьедаддагилар учун Оливернинг фикрлари «бир тийин».

«Ҳеч қачон қанот ҳакамининг бу қадар тез байроқ кўтарганини кўрмаганман, бош ҳакам эса, видеони кўриб ўтирмасдан ҳам қарор чиқарди», деб ҳисоблайди ўша эпизод иштирокчиси Мерино. 

Ҳатто мезбонларнинг расмий сайти ҳам тинч турмади.

«Мадрид устидан ғалаба қозониш доим қийин. Аммо бугун умуман имконсиз эди. Дарвозамизга белгиланган шубҳали пенальти ва ҳисобланмаган гол бизни очкосиз қолдирди», деб ёзилди ўйин шарҳида. 

Каталониянинг Mundo Deportivo газетаси эса, умуман, провакацион муқова билан чиқди. «Реал» иштирок этган ўйинлардаги баҳсли вазиятлардан расм бериб, «Мадридда ишлаб чиқарилган» деб ёзиб қўйишди. Бу билан «Реал» фақат ҳакамнинг ёрдами билан чемпионлик сари одимлаётгани ҳақида хулоса қилингандек бўлди.

Зидан ва Рамос нима дейди?

Сан-Себастьяндаги қийин ғалабадан сўнг, одатда ўзини анча хотиржам ва дипломатик тутадиган Зидан ҳам жим турмади.

«Жонли трансляцияни кўрмадим, лекин такрорий вазиятлар Винисиус вазиятида пенальти борлигини, Бензема эса, иккинчи голда қўли билан ўйнамаганини кўрсатди. Тушунмайман, нега тўғри қарорлар бундай жанжални келтириб чиқармоқда? Баъзилар шу қадар ҳакам мавзусини кўтаришадики, худди «Реал» майдонда ҳеч нарса қилмаётгандик. Худди «Реал» ҳакамларсиз ғалаба қозона олмайдигандек тасаввур пайдо қилинади», дейди мураббий.

Серхио Рамоснинг одамларни ёлғон тўқишдан тийилишга чақирди.

«Бу бақир-чақирлар табиий. Чунки энди пешқадамга айландик, унгача ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Ҳакамлар фақат бир томон фойдасига қарор чиқаради, деб ўйламайман. Гўёки, биз пешқадам бўлиб турганимиз учун кимдандир миннатдор бўлишимиз керакдек. Одамлар сал камроқ тўқишса бўларди», дейди у.

Табиийки, ҳали Жерар Пике ҳам ўз сўзини айтади.

Ла Лигада мавсум тугашига 7 тур қолганда «Реал» ўзаро ўйинлардаги устунлик ҳисобига турнир жадвалини бошқариб турибди. Бундан ташқари, кейинги ўйинларда «Барселона»нинг рақиблари бирмунча қийинроқ бўлади.

Умумий рақиблар («Вилярреал», «Алавес» ва «Эспаньол») чиқариб ташланса, «Барселона» «Сельта», «Атлетико», «Вальядолид» ва «Осасуна»га қарши ўйнайди. Мадридликларни эса, «Хетафе», «Атлетик», «Гранада» ва «Леганес» кутиб турибди.

Энди рақибларнинг ноқулайлик томонидан қараб кўрамиз. «Барселона» дастлаб «Сельта»га сафар қилади – каталонияликлар Вигодаги охирги беш ўйинда ғалаба қозона олишмаган. «Атлетико» тушунарли, «Вильярреал»га сафарларда ҳам, охирги учтасининг иккисида дуранг қайд этилган. Бундай вазиятда «Эспаньол» ҳам бошоғриғига айланиши ҳам маълум.

«Реал»га фақат «Атлетик» сафари ва «Вильярреал» қийинчилик туғдирса керак. Иккинчи рақиб билан ўйин Мадридда ўтса-да, «сариқлар»га қарши сўнгги 5 уй ўйинида «Реал» атиги 2 марта ғалаба қозонган.

Каталония тарафни қийнаётган энг муҳим жиҳат – барча ўйинларда етакчилар очко йўқотишмаган тақдирда ҳам, энди вазият «Реал»нинг қўлида.

Қаҳрамон Асланов
Тайёрлаган Қаҳрамон Асланов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид