Ўзбекистон | 16:54 / 29.06.2020
17957
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ИИББ ҳимоя ордерини эркакларга ҳам беришни таклиф қилди

Чилонзор, Юнусобод ва Яккасарой туманларида эркаклар ўз хотини томонидан тазйиққа учрагани ҳолатлари кузатилган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, полковник Маҳкам Вафоев фуқароларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш учун ҳимоя ордерини бериш билан боғлиқ баъзи ҳолатлар хусусида билдириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Тошкент шаҳрида ҳозиргача 560 нафар фуқарога ҳимоя ордери берилган. Шундан тўрттаси эркакларга берилган. Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой туманларида эркаклар ўз хотини томонидан тазйиққа учрагани ҳолатлари кузатилган.

Аммо ҳимоя ордерини бериш тартибининг эркакларга ҳам бериш ҳақидаги жойи йўқ. Шу сабабли ордерни эркакларга ҳам бериш тартибини ишлаб чиқиш бўйича таклиф бердик.

Шунингдек, ҳимоя ордерининг тартибини бузган фуқарога нисбатан қандай жавобгарлик кўрилиши ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўрсатилмаган. Айнан ордер тартибини бузганлик учун чора киритилиши масаласини ҳам кўтаряпмиз», – деди Маҳкам Вафоев Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қўшма мажлисида.

Фото: Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

Маълумот учун, 2019 йил кузидан жорий этилган ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳужжат бўлиб, у хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан таъсир чоралари қўлланишига асос бўлади.

Мавзуга оид