Абдулазиз Комилов Залмай Халилзод билан учрашди
Учрашувда икки мамлакатнинг Афғонистон йўналишидаги ҳамкорлигини кенгайтиришга эътибор қаратилди.
2020 йилнинг 30 июнь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Адам Болер билан учрашди.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, томонлар яқин сиёсий муносабатлар ўрнатилганини, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳарбий-техникавий алоқалар мустаҳкамланганини қайд этган.
Ўзбекистон томони Афғонистонда тез орада тинчлик ўрнатилишига алоҳида аҳамият бериши, бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ушбу мамлакатдаги хавфсизликка боғлиқлиги таъкидланди.
Суҳбатдошлар Афғонистон сиёсий раҳбарлари ўртасидаги келишувга эришилганини қўллаб-қувватладилар ҳамда инклюзив ҳукумат тузилиши ва Миллий ярашув бўйича Олий Кенгаш Афғонистоннинг ёрқин келажаги учун мамлакатнинг барча сиёсий кучларини бирлаштиришга ёрдам бериши зарурлигини таъкидладилар.
Учрашувда икки мамлакатнинг Афғонистон йўналишидаги ҳамкорлигини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда таъкидланганидек, 27 май куни бўлиб ўтган «Ўзбекистон-АҚШ-Афғонистон» уч томонлама ҳамкорлик шаклидаги биринчи учрашув Афғонистонни тиклаш ва уни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб қилиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқишда ушбу механизмнинг муҳимлигини тасдиқлади.
АҚШ томони Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишда минтақавий ёндашувни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва ушбу йўналишда фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади.
Музокаралар чоғида Афғонистон ва минтақа ўртасидаги иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини кенгайтиришга кўмак берадиган қатор лойиҳаларни молиялаштириш учун DFC маблағларини жалб қилиш юзасидан фикр алмашилди.
Адам Болер Ўзбекистонда энергетика, инфратузилма, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга DFC тайёрлигини билдирди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди, дейилади маълумотда.
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024