Ўзбекистон | 08:51 / 01.07.2020
3737
5 дақиқада ўқилади

Халқаро шартнома лойиҳасини тайёрлаш бўйича услубий кўрсатмалар очиқланди

Халқаро шартнома лойиҳасини тайёрлаш ҳақидаги услубий кўрсатмалар тасдиқланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Халқаро шартнома лойиҳасини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани ишлаб чиқиш ҳақидаги услубий кўрсатмаларни тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Услубий кўрсатмалар халқаро шартнома лойиҳасини ёки Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш, экспертлар даражасида пухта ишлаб чиқиш, шунингдек, улар матнларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси давлат органлари томонидан фойдаланиш учун мўлжалланган.

Халқаро шартнома лойиҳасини тайёрлашда давлат органи:

халқаро шартнома тузиш орқали тартибга солишни талаб қиладиган муаммо ёки масалалар чиндан ҳам мавжудлигини аниқлаши;

Ўзбекистон Республикаси учун халқаро шартномани тузиш мақсадга мувофиқлиги ва амалий аҳамиятини аниқлаши тегишли соҳада ҳуқуқий тартибга солишнинг амалдаги ҳолатини таҳлили қилиши (Ўзбекистон Республикасининг амалдаги халқаро шартномаларини ва миллий қонун ҳужжатларини ўрганиши);

халқаро шартнома тузиш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган молиявий-иқтисодий ёки бошқа оқибатларни аниқлаши;

халқаро шартнома лойиҳаси қоидаларининг Ўзбекистон Республикаси миллий қонун ҳужжатлари нормалари ва халқаро шартномаларига мувофиқлигини аниқлаши;

бошқа халқаро шартномаларнинг қайси қоидалари ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки янги халқаро шартнома тузилиши муносабати билан унинг иштирокчилари ўртасида бошқа халқаро шартномалар амал қилиши тўхтатилиши лозимлигини аниқлаши;

халқаро шартнома тузилиши муносабати билан қабул қилиниши, ўзгартирилиши, қўшимча киритилиши ва (ёки) ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқлаши зарур.

Халқаро шартнома лойиҳаси қуйидаги талабларга мос келиши керак:

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига зид келмаслиги;

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари қоидаларини такрорламаслиги (айни бир масала бўйича иккита ёки ундан кўп шартнома тузишга йўл қўйилмайди);

мазмуни унинг объекти ва мақсадларига мос келиши;

унда ўз кучини йўқотган халқаро шартномаларга ҳаволалар келтирилмаслиги;

халқаро шартномалар тузиш ва расмийлаштириш амалиётига мос келиши.

Халқаро шартнома лойиҳасини тайёрлашда давлат органи халқаро шартнома тузиш даражасидан қатъи назар (давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро) халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан давлатлар унинг иштирокчилари бўлишига эътибор қаратиши лозим. Халқаро шартномада юкланадиган мажбуриятлар нафақат номидан шартнома тузилган давлат органларининг, балки тегишли давлатларнинг ҳам мажбуриятлари ҳисобланади. Халқаро шартнома бўйича ўз зиммасига олинган мажбуриятларнинг бузилиши халқаро ҳуқуқ доирасида уларни бузган томон учун ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради.

Шу муносабат билан, давлат органи, агар қуйидагилар белгиланган бўлса, халқаро шартнома тузишдан тийилиши ёки уни халқаро шартнома бўлмаган халқаро ҳужжат сифатида ишлаб чиқиши лозим:

халқаро шартноманинг йўқлиги мавжуд масалалар ҳал этилишига ёки чет эл томони билан ҳамкорлик қилишнинг аниқ йўналишлари ва шаклларини амалга оширишга тўсқинлик қилмайди;

лойиҳада халқаро ҳуқуқ билан тартибга солинадиган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар яратилиши назарда тутилмайди.

Халқаро шартнома лойиҳаси экспертлар даражасида ишлаб чиқиш бошлангунга қадар давлат органининг юридик хизмати томонидан Қонунда ва мазкур Услубий кўрсатмаларда назарда тутилган талабларга мос келиши нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Қуйидагилар халқаро шартнома лойиҳасига қўйиладиган умумий талаблар ҳисобланади:

халқаро шартнома лойиҳасида зиддиятлар йўқлиги;

матн илова қилинган тилнинг аниқлиги, оддийлиги ва тушунарлилиги; 

матндаги мантиқий изчиллик ва қоидаларнинг ўзаро боғлиқлиги;

қоидалар қисқа баён этилиши, норматив кўрсатмалар такрорланишини истисно қилиш;

қоидалар аниқ ва тушунарли таърифланиши, матнда фойдаланиладиган тушунчалар ва терминлар бир хиллиги.

Зарур бўлса, халқаро шартнома лойиҳасига айни ўша масала бўйича халқаро шартноманинг (унинг бир қисмининг) аввалги ва (ёки) кейинги халқаро шартномаларга нисбатини, шунингдек, янги халқаро шартнома иштирокчилари ўртасида халқаро шартномаларни қўллашни давом эттириш ёки амал қилишини тугатишни белгилайдиган қоидалар киритилади.

Мавзуга оид