Жаҳон | 13:39 / 02.07.2020
46191
26 дақиқада ўқилади

Коронавирус анатомияси. Ярим йилда Covid-19 ҳақида нималарни билиб олдик?

Фото: BBC Russian

Қотил изидан
Хавфли касаллик тарқалишини тадқиқ этиш изқувар фаолиятидан кўп фарқ қилмайди. Аввал далиллар йўқолмагунча воқеа жойини кўздан кечиришга улгуриш керак; сўнгра узоқ вақт давомида гувоҳларни сўроқ қилиш, кейин эса унинг кейинги зарбасини олдиндан тахмин қилиш учун қотилни таъқиб қилиш зарур. 

Аммо халқаро миқёсда биргаликда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, коронавирус ривожланишда давом этмоқда ва ҳар куни минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлмоқда.

Олимлар сўнгги олти ой ичида вирус ҳақида нималарни аниқлашди?

Фавқулодда вазият
Ҳар қандай вируснинг келиб чиқишини билиш унинг соғлиғимизга қандай таъсир қилиши ва қандай суръатда тарқалишини олдиндан тахмин қила олиш учун жуда муҳим ҳисобланади. Аммо коронавирус бизни аввал бошданоқ ҳайратда қолдирди. 

Дунё Янги йилни нишонлашга тайёргарлик кўраётган бир пайтда, шифокор Ли Вэньлян Уҳан марказий касалхонасининг шошилинч бўлимида ишларди, у ерда пневмония – ўпка яллиғланиши билан касалланган етти нафар бемор карантинга олинганди.

Ли Вэньлян январда касалликка чалинди ва февралда вафот этди

30 декабрь куни у WeChat’даги гуруҳда ҳамкасбларига энг ёмон хавотирлари ҳақида ёзган – Ли SARS’нинг (оғир ўткир респиратор синдром) янги тўлқини бошланаётганини тахмин қилган. Коронавируснинг бошқа тури бўлган SARS илк марта 2003 йилда Хитойда пайдо бўлган ва 26 мамлакат бўйлаб 8000дан ортиқ одамга юққан.

Бироқ, шифокор Ли SARS’нинг иккинчи тўлқинини эмас, балки Covid-19 (SARS-CoV-2) вирусининг дастлабки изларини аниқлаганди.

Хитой нашрлари маълумотларига кўра, Ли ҳамкасбларига эҳтимолий авж олиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабар юборганидан уч кун ўтгач, у ва унинг 8 нафар ҳамкасби «миш-миш тарқатганликда» айбланиб, полиция томонидан ҳибсга олинган. 

Шифокор Ли ишга қайтганидан кўп ўтмай Covid-19 билан касалланади. У 6 февралда 34 ёшида ўғли ва ҳомиладор хотинини қолдириб вафот этди.

Бозордаги вирус ўчоғи
Шаҳарнинг янги қисмида жойлашган Хуанан денгиз маҳсулотлари бозорида чакана савдо билан шуғулланувчилар ўзларининг кичик пештахталарида ҳамма нарса сотишган – тирик паррандалардан балиқ, судралувчилар ва ёввойи ҳайвонларгача.

Аммо 2019 йил декабрь ойининг сўнгги ҳафталарида, вируснинг эҳтимолий тарқалиши ҳақида огоҳлантиришлар баралла янграй бошлаганида, шифокорлар биринчи навбатда эътиборни янги ўхшашликка қаратишди – беморларнинг аксарияти Хуанандаги денгиз маҳсулотлари бозорида ишлаган.

31 декабрь куни Уҳан соғлиқни сақлаш комиссияси Пекинга ўзининг биринчи расмий ҳисоботини тақдим этди. Эртаси куни бозор карантинга ёпилди.

Бугунги кунда, олимлар бир овоздан денгиз маҳсулотлари бозори авж олиш ўчоғи бўлганини тасдиқлашади, аммо вирус илк марта бозорда пайдо бўлгани сўроқ остида.

Бозордаги одамлар ва тирик ҳайвонлардан олинган Covid-19 намуналари шундан бери мусбат натижа берди. Аммо, Уҳандаги тиббиёт тадқиқотчилари фикрига кўра, одамлардаги коронавирус касаллиги билан боғлиқ энг эрта ҳолат бозорда ёйилишидан деярли тўрт ҳафта олдин содир бўлгани кейинчалик аниқланди: касаллик аломатлари 2019 йилнинг 1 декабрда кўзга ташланган уҳанлик кекса одамнинг денгиз маҳсулотлари бозорига алоқаси бўлмаган. 

Уҳандаги тиббиёт ходимлари шаҳар касалхоналарида касалликнинг кундан кунга кучайиб бораётганини пайқаган январь ойида ҳеч ким вируснинг нафақат Хитойда, балки бутун Осиё қитъаси ва кейинчалик дунё бўйлаб қандай даҳшатли тарзда тарқалиб кетишини тасаввур қила олмасди.

11 январь куни, Covid-19 юқтирган беморлар орасида илк қайд этилган ўлимдан атиги тўққиз кун ўтгач Япония, Жанубий Корея ва Таиландда янги ҳолатлар қайд этилишга улгурди.

Шундай қилиб, қотилни таъқиб қилиш бошланди, аммо тиббиёт ва технология соҳасида дунёдаги барча ютуқларга қарамай, биз доимо вирусдан бир қадам ортда қолдик...

Covid-19 олти ой ичида 188 мамлакатга тарқалди ва 10 миллиондан ортиқ киши вирусдан зарарланди.

Қотил портрети
«Ҳар доим бериладиган биринчи савол – бу нима ўзи?», дейди профессор-иммунолог Кристиан Андерсен. 

Андерсен лабораторияси юқумли касалликлар геномикасига ихтисослашган. Улар вируснинг ҳайвондан одамга юқишини ўрганишади.

Декабрь ойи охирида, илк беморлар касалхонага ётқизилишидан бир неча соат ўтгач Уҳан вирусология институти олимлари сирли вирус билан оғриган беморларнинг бурун суртмаларини таҳлил қилишди.
Улар вирус геномини – бу қандай вирус эканлиги ва унинг тарқалиш усулини аниқ кўрсатувчи тўлиқ генетик кодни қидиришди. 

Содда қилиб айтганда, геном «ҳарфларнинг» узоқ занжири сифатида ифодаланиши мумкин – масалан, инсон геноми уч миллиарддан ортиқ генетик ҳарфлардан иборат. Одатий грипп вируси 15000 ҳарфдан иборат бўлиб, бу занжирда ўзини миллион марта акс эттириши учун вирусга керак бўладиган барча кўрсатмалар кодланган ва улар эпидемияга йўл очади. 

Вирус геноми кодини очиш одатда бир неча ой, баъзан бир неча йил вақт олади. Аммо 10 январь куниёқ профессор Юн-Чжень Чжан бошчилигидаги Уҳан вирусология институти олимлари Covid-19'нинг биринчи геном тартибини - жумбоқнинг биринчи ва эҳтимол, энг муҳим қисмини эълон қилишди.

«Ушбу биринчи кетма-кетликни кўришимиз билан унинг коронавируснинг бир тури эканлигини ва SARS вирусига 80 фоиз ўхшашлигини дарҳол англадик», дейди профессор Андерсен.

Коронавируслар ўзида вирусларнинг катта оиласини жамлаган бўлиб, уларнинг юзлаб турлари, бизга маълум бўлишича, чўчқалар, туя, кўршапалаклар ва мушуклар каби ҳайвонлар орасида тарқалган. Covid-19 – ҳайвондан одамга юқиш хусусиятига эга бўлган ва фанга маълум ҳозирча еттинчи коронавирус.

«Иккинчи савол – қандай ташхис қилиниши – бу вирусни аниқлаш ва унинг юқиш механизмларини тушунишга имкон беради. Учинчи савол – вакцина қандай яратилади? Вируснинг генетик «чизмаларига» эга бўлган ҳолда, бу саволларнинг барчасига жавоб топишнинг иложи йўқ», дейди профессор Андерсен.

Андерсеннинг сўзларига кўра, вирус илк марта кўршапалакларда пайдо бўлганини инкор этиб бўлмайдиган далиллар мавжуд. 

«Ҳаммаси кўршапалаклардан бошланган. Биз биламизки, бу мутлақо табиий вирус, чунки кўршапалакларда шунга ўхшаш кўплаб вируслар мавжуд. Унинг инсон популяциясига қандай юқиб қолгани эса маълум эмас», дейди у..

Андерсен жамоаси кўршапалакда топилган бошқа бир коронавирусни ўрганди, бу Covid-19 билан 96 фоиз ўхшаш. Улар, шунингдек, Осиё минтақаларида учровчи ва аксарият ҳолларда ноқонуний тарзда сотиладиган сут эмизувчи панголинларда топилган бошқа вирус билан жуда кучли ўхшашликни кўришди.

Вирус кўршапалаклардан бошқа воситачи ҳайвонга, масалан, панголинга ўтиб, охир-оқибат, одамга юқишидан аввал йўл-йўлакай қўшимча оқсиллар ишлаб чиқара олиши мумкинми? Олимлар текширишни давом эттиришмоқда. 

Хитойда, Covid-19’нинг биринчи генетик занжири аниқланганидан икки кун ўтгач маҳаллий ҳокимият профессор Чжан лабораториясини ёпиб қўйди ва унинг илмий лицензиясини бекор қилди. Хитой нашрларига кўра, бунга ҳеч қандай расмий сабаб кўрсатилмаган. Аммо ярим натижага эришиб бўлинганди.

«Ушбу илк изчилликсиз иш бошлашимиз мумкин эмас эди. Буларнинг барчаси муҳим маълумотларни ажойиб тезликда берган хитойлик олимлар туфайли», дейди профессор Андерсен.

Изидан бориш ва изоляцияга олиш
Covid-19 тарқалиши билан олимлар вируснинг келиб чиқишини ўрганишдан воз кечиб, эътиборни унинг ёйилишини тўхтатишга қаратишди.

Контактларни кузатиш
51 миллион аҳолига эга бўлган Жанубий Корея Covid-19 кириб келишини тўхтатиш борасида дунёдаги энг муваффақиятли давлатлардан бири бўлди.

Ушбу муваффақият, асосан, контактларни кузатиш агентлари армиясини – Covid-19 беморлари ва улар алоқа қилган одамлар ўртасидаги боғлиқликни аниқлашни ўрганган тадқиқотчиларни жалб қилиш қобилияти билан изоҳланмоқда. Сўнгра ўз-ўзини изоляция қилиш бўйича кўрсатма кимларга берилиши кераклиги ёки баъзи ҳолларда, бутун бино ёки бутун ташкилот – касалхона, қариялар уйи ёки идорани карантин қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш зарур. 

Январь ва февраль ойлари бошларида касалликнинг янги ҳолатлари жуда кам эди ва Жанубий Корея аҳолиси касаллик авж олишини тўхтатишга умид қилишарди. Бироқ, февраль ойи охирида вазият бирданига ёмонлашди – бир (ягона) шаҳар эпидемия ўчоғига айланди, бир неча кун ичида беморлар сони бир неча минг кишига етди. 

Дэгу шаҳридаги авж олиш кейинчалик «Бемор 31» номи билан танилган бир инсон – «супер-юқтирувчи» ҳаракатлари билан боғлиқ. 

31 сонли беморнинг коронавирус учун топширган таҳлиллари 17 февралда мусбат натижани берган. Фақат кузатувчиларнинг фаолияти туфайли, 10 кун ичида у яқинда алоқада бўлган ва унинг издошлари бўлиб чиққан инсонлар сони 1000дан ошиқ экани аниқланди ва уларга ўз-ўзини изоляция қилиш тартиби киритилиши орқали вируснинг янада тарқалиб кетишининг олди олинди. 

Дегу эпидемиология гуруҳининг ўринбосари сифатида профессор Ким Чен Ён шаҳардаги контактларни излаш ишига жавобгардир – бу иш билан кўпинча собиқ ҳукумат амалдорлари ва бошловчи шифокорлар шуғулланишади. Унинг сўзларига кўра, одамлар ўз-ўзини изоляция қилиш қоидаларига риоя қилишни исташмаса (31-сонли бемор каби), янада қатъийроқ усуллардан фойдаланиш керак, масалан, кредит карталари тўловлари ва телефон алоқалари ёки GPS маълумотларини кузатиш. 

«31 сонли бемор аввалига ўзининг Синчхонджи черковига мансублигини айтмаган. Буни айнан биз, алоқани кузатувчи ходимлар, кейинроқ билиб олдик», дейди профессор Ким. 

Синчхонджи Черкови диний сектаси бутун мамлакат бўйлаб 300 мингга яқин аъзоларга эга ва уларнинг асосчиси Ли Ман-хи ўзини иккинчи масиҳ деб даъво қилади. Жанубий Кореядаги кўплаб йирик христиан черковлари ушбу гуруҳни инсонга сиғиниш деб билишади ва унинг ёшларни ўз сафига жалб қилиш йўлидаги агрессив сиёсатини танқид қилишади.

Аммо, 31 сонли бемор ўзининг Синчхонджи черковига алоқадорлигини яширгани билан машҳур бўлмаган. Изқуварлар аниқлашича, у касалликка таҳлил топширишидан 10 кун аввал, аломатлар пайдо бўлганига қарамай бутун Дэгу бўйлаб ҳаракатланиб, мингдан ортиқ одам билан алоқада бўлган.

У 6 февраль куни автоҳалокатга учраган ва эртаси куни касалхонага ётқизилган, у ерда тахминан 128 киши билан яқин алоқада бўлган. Кейин у уйга бориб, шахсий буюмларини олиб келиш учун касалхонадан вақтинча жавоб берилган (бориб-қайтиш учун икки ярим соат). Кейинчалик ўша ҳафтанинг ўзида у касалхонадан бир неча марта чиқиб кетади – бир марта дўсти билан тушлик қилишга ва икки марта черковнинг 2000га яқин одам қатнашадиган икки соатлик ибодатига бориш учун.

Профессор Кимнинг сўзларига кўра, Синчхонджи черкови ёпиқ характерга эгалиги сабабли, кузатишнинг энг оғир қисми шу ҳафта давомида яна кимлар ибодатга қатнашганини аниқлашга уриниш бўлган. 

«Охир оқибат, черковнинг барча 9000 аъзолари рўйхатини олдик. Аввало, уларнинг ҳар бирига қўнғироқ қилиб, вирус аломатлари бор-йўқлиги сўралди. 1200 га яқин киши «бор» деб жавоб берди,  аммо баъзилари карантинга кетиш ва таҳлил топширишдан бош тортди. Юзлаб одамлар Синчхонджига алоқадор эканликларини ошкор этишни исташмади ва агентларда бошқа йўл қолмади», деб таъкидлайди Ким. 

«Гап бизнинг черков аъзоларини Дэгунинг қолган аҳолисидан қанчалик тез ажратиб олишимиз ҳақида борарди. Шу боис ҳукумат Синчхонджи черковининг барча аъзоларига ўзини яккалаш режимига ўтишни буюрди».

Барча янги ҳолатларнинг синчковлик билан текширилиши кенг қамровли таҳлиллар билан биргаликда вирус тарқалишини жиловлади ва апрель ойи бошларига келиб, Дэгу Covid-19’дан холи шаҳарга айланди. 

Бироқ, дунёнинг бошқа қисмларида вирус барқарор равишда тарқалишда давом этди. Илмий ҳамжамият учун Covid-19’ни нафақат мамлакатлар, балки бутун қитъалар бўйлаб кузатиб бориш жуда муҳим вазифага айланди. 
Муаммонинг ечими кўпайиш ва тарқалишни бошлаган вируснинг генетик кодининг калити бўлган геномда ётади. 

Далиллар занжири
Covid-19 билан касалланган беморлардан олинган ва вирус геномини аниқлаш учун олимлар томонидан таҳлил қилинган биринчи бир нечта суртмаларни ифодаловчи ягона бинафша нуқта Уҳанда. 

Январь ойида профессор Юн-Чжень Чжан томонидан геном кашф қилингандан сўнг, дунё олимлари ўн минглаб бурун суртмаларини таҳлил қилишни давом этишди ва натижаларини GISAID’га, очиқ манбали маълумотлар базаларидан бирига юклашди. 

Генни унинг тарқалиши орқали бир неча марта секвенлаш (яъни аминокислота ёки ДНК ва РНК нуклеотидларининг кетма-кетлигини аниқлаш) орқали олимлар генетик коддаги мутацияларни – майда хатоларни, генетик «ҳарфлар» занжиридаги «фарқни» кузатиб боришлари мумкин. Вирус қолдирган ушбу далилларни ўрганиш, мутациялар кетма-кетлигини таққослаш вируснинг чегаралар бўйлаб қандай тарқалишини кўрсатиши мумкин.

Масалан, агар Нью-Йоркдаги бемордан олинган намунада учта бир хил мутация аниқланса ва Уҳандаги бир неча намуналар ўз геномида айнан ўша уч «фарқни» ташиса, бу ҳолатларнинг барчаси вируснинг айнан бир одамдан бошқа одамга юқиши қисмлари экани эҳтимоли юқори. Кейинчалик, воқеалар жадвалини қайта тиклаган ҳолда, мутахассислар вируснинг Уҳандан Нью-Йоркка қачон ва қандай кўчиб ўтганини тушуниши мумкин. 

Дунё бўйлаб тўпланган 37000дан ортиқ секвенланган намуналар Covid-19’нинг кучли юқумли потенциалини намойиш этади.

Фото: Nextstrain

Эпидемиолог Эмма Ҳодкрофт GISAID’га юкланган ўн минглаб кетма-кетликлардан асосий маълумотларни ажратиб оладиган Nextstrain гуруҳи олимлари ва дастурчилари билан ишлайди. Унинг ёрдами билан очиқ манба кодли яъни бутун дунё бўйлаб вирус тарқалиши жараёнида мутацион геномнинг суратига эга харита яратилмоқда. 

«Геномни кузатиш билан биз беморлар билан суҳбатлашишдан кўпроқ фойда оламиз. Улар инфекцияни қачон ва қаерда юқтирганликларини билишмаслиги мумкин. Аммо геном маълумотлари анча ишончли», дейди доктор Ҳодкрофт. 

Гап, айниқса, Эрон каби ишончли маълумотларга эга бўлмаган мамлакатлар ҳақида кетганда бу жуда муҳимдир.

Сирли ришта
Январь ойи охирида доктор Ҳодкрофт ва Nextstrain жамоаси жуда ўхшаш геномга ва кўпинча бир хил мутацияларга эга бўлган бир нечта намуналарга эътибор қаратишди, аммо улар саккизта турли мамлакатларда, шу жумладан Австралия, Янги Зеландия, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Хитой ва Нидерландияда олинган. 

Дастлаб, олимлар ушбу ғайриоддий намуналар гуруҳи қаердан пайдо бўлганини аниқлай олишмади. 

«Улар харитада бир-бирига жуда яқин жойлашган эди. Бу кутилмаган ҳол эди, чунки бу одамларни бошқа ҳеч нарса боғлаб турмасди. Аммо, кейинчалик Австралиядан келтирилган бир нечта намуналар Эронга етаклаши мумкинлиги аниқладик. Бу жуда муҳим эди, чунки ўша пайтда бизда Эрондан намуналар бўлмаган. Аммо ҳозир аниқ айтишимиз мумкинки, бу одамлар вирусни ё Эроннинг ўзида, ёки яқинда Эронда бўлган одамдан юқтирган», дейди Ҳодрофт.

Covid-19’нинг генетик жиҳатдан ўхшаш 18та намунаси, барчасининг манбаси – Эрон

Геномни кузатиш кучли воситадир, чунки вирус камдан кам ҳолларда мутацияга учрайди. Шунинг учун, олимларга вируснинг бутун минтақада қандай тарқалишини тушуниш учун ҳатто бир неча намуналар ҳам кифоя қилади. 

Эрондан олинган ушбу намуналарни ўрганган Nextstrain гуруҳи уларнинг барчаси нафақат Эрондаги битта юқтириш ҳолатидан олинган, балки мамлакатда барча вирус ёйилиши ҳолатлари ҳам худди шу бемордан бошланган деган хулосага келди. 

Шу орқали олимлар Эроннинг муқаддас Қум шаҳридаги авж олганини кузатишга муваффақ бўлишди. У ерга ҳар куни минглаб сайёҳлар ва зиёратчилар ташриф буюришади ҳамда вирус айнан шу шаҳардан икки ҳафтадан кам вақт ичида бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. 

Эронда Рамазон ҳайити ижтимоий масофага риоя қилинган ҳолда ўтказилди

Контактларни ўрганиш ва геномни тадқиқ қилиш орқали олимлар Covid-19’нинг дунё бўйлаб тарқалиши ҳақиқий тезлиги ва кўринмаслигини аниқлашди. Бироқ, сўнгги олти ой ичидаги барча кашфиётларга қарамай, мутахассислар бир қадам орқада қолишмоқда – вирус кейинги сафар қачон ва қаерда пайдо бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди. 

Гап Covid-19’ни жиловлаш ҳақида борса, битта катта муаммо мавжуд: вируснинг популяция орқали тартибсиз тарқалиш қобилияти – баъзида ўлимга олиб келади, аммо кўпинча енгил аломатлар билан ёки умуман аломатларсиз кечади. 

Аломатларсиз одамлар орасида Covid-19 тарқалишини ўрганиш жуда қийин. Бироқ, Италия шимолидаги бир митти қишлоқда ушбу жумбоқнинг муҳим учи топилди.

Кўринмас таҳдид
Италияда Covid-19’дан биринчи ўлим ҳолати унинг ўта гавжум шаҳарларидан бирида эмас, балки Венето вилоятида жойлашган, дунёдан деярли узилган митти Во қишлоғида юз берди. Бу ерда тахминан 3000 киши истиқомат қилади. Во (бошқа номи Во Эуганео) Венециядан унча узоқ бўлмаган миллий парк – Эуган баландлиги этагида жойлашган.

21 февраль куни мамлакатда вирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилиши биланоқ маҳаллий ҳокимият бутун қишлоқни ёпишга қарор қилди ва аломатлар бор-йўқлигига қарамай, аҳолидан ёппасига таҳлил олина бошланди. Изоляция ҳолатидаги бир неча минг одам бир неча бор таҳлилдан ўтиши илмий нуқтайи назардан ноёб вазиятни юзага келтирди.

Италиялик аскарлар аҳоли яшаш ҳудудини қўриқламоқда

Тадқиқотни маҳаллий микробиолог, доцент Энрико Лавеззо олиб борди. У тадқиқотдан олинган ва вируснинг «жим тарқалиши» деб аталган хулосани тушунтиради: кутилмаганда, Covid-19 учун ўтказилган кўплаб тестлар мусбат натижа берди, аммо беморларда аломатлар заиф ёки йўқ эди. 

«Вирус билан касалланган одамларнинг 40 фоиздан кўпроғи ўзларининг бошқаларга юқтиришлари мумкинлигини ҳатто хаёлига ҳам келтиришмаган. Бу юқумли касалликнинг жиловлаш нуқтаи назаридан жуда катта муаммо. Касаллик белгилари бўлган одамларнинг аксарияти уйда қолишади, аммо аломатлари бўлмаган одамларнинг аксарияти одатдагидек ҳаракат қилишади. Улар ташқарига чиқишади, одамлар билан учрашишади, бошқалар билан яқин алоқада бўлишади, аммо вирусни бошқаларга юқтиришларини ўзлари ҳам билишмайди», дейди профессор Лавеззо. 

Лавеззо гуруҳи биринчилардан бўлиб асимптоматик ҳолатлар муаммоси кўламини аниқлади. Бошқа тадқиқотлар шундан бери 70 фоизга яқин баҳони берган.

Яна бир ҳайратланарли кашфиёт – қишлоқдаги 3000 киши орасидан 10 ёшгача бўлган бирор болада ҳам Covid-19 аниқланмаган. 

«Биз болалар вирусни юқтирмайди деб даъво қилмаймиз. Бу бошқа тадқиқотларда исботланган. Аммо уларнинг камида ўнлаблари беморлар билан яшагани, аммо юқтириб олмагани одатий эмас ва қўшимча изланишни талаб қилади», дейди Лавеззо.

Covid-19 тарқалишини тўхтатиб бўлмаётганининг асосий сабаби шундаки, бошқа коронавирусларга қараганда у ўзининг тарқалишига беихтиёр ёрдам берадиган кўп сонли одамларга етиб боришидир.

Аммо енгил йўталдан нафас олишда ўлимга етакловчи қийинчиликларгача бўлган кенг кўламли аломатларни келтириб чиқарувчи Covid-19 ноёблиги сабаби нима бўлиши мумкин? Шунингдек, профессор Лавеззонинг натижаларига асослансак, нима учун болаларга нисбатан камроқ даражада тарқалади?

Ўлик комбинацияси
Олимлар вирус инсон танасига фақат бир йўл билан, инсон ҳужайраларига ACE-2 рецепторларини бириктириб кириши мумкинлигини аниқлашди. 

Инсон кўкрак қафасига ўрнашган коронавирус

Профессор Майкл Фарзан лабораторияси ACE-2 рецепторларини 2003 йилда SARS вируси тарқалиши пайтида аниқлаганди.

Фарзаннинг тушунтиришича, муаммо шундаки ACE-2 рецепторлари тананинг ҳамма қисмида, бурун, ўпка, ичак, ҳатто юрак, буйрак ва мияда жойлашган. 

ACE-2’нинг бу қадар кенг тарқалиши Covid-19’нинг нима учун ҳид қобилияти йўқотилишига етакловчи бурун инфекциясидан кучли йўтал чақирувчи ўпка яллиғланишигача бўлган турли аломатлар пайдо қилишини изоҳлайди.
Одатда, вирусларнинг аксарияти яхши тарқалади ёки жиддий касалликларга олиб келиши мумкин. Covid-19 янада хавфлидир, чунки у иккисини ҳам бирдай уддаламоқда. 

Яллиғланиш юқори нафас йўлларига, бурун ва ўпкага ўрнашиб олиб, йўтал ва аксиришни юзага келтиради, бу эса касаллик тез тарқалишига сабаб бўлади. Қуйи нафас йўллари инфекциялари жиддий, потенциал ҳалокатли нафас олиш муаммоларига олиб келиши мумкин. 

Болаларнинг вирусни юқтириш қобилияти катталарникидан қанчалик фарқ қилиши ҳозирча номаълум. 

Оғир аломатлар билан ётқизилган 68 ёшли эркакнинг рентгенографияси. Ўпка четидаги оқ жойлар ҳаво қопчаларининг яллиғланиши бўлиб, бу беморнинг нафас олишини қийинлаштиради

Буюк Британия ҳукуматининг фавқулодда вазиятлар бўйича илмий маслаҳат гуруҳи таъкидлашича, мавжуд далилларга асосланган ҳолда болалар Covid-19 билан камроқ касалланади ва уларнинг бошқаларга юқтириши эҳтимоли кичик деб тахмин қилиш мумкин. Шу билан бирга, олимлар далилларнинг ўзи етарли эмаслигини таъкидлашади. 

Профессор Фарзаннинг сўзларига кўра, касаллик ҳолатларининг 2 фоиздан камроғини ташкил этадиган болаларда ўпканинг пастки қисмида АCЕ-2 рецепторлари катталардагига қараганда камроқ эканлигига далиллар бор. 

«Бу дегани, болалар ушбу касалликка, ҳеч бўлмаганда катталарда учрайдиган оғир пневмония, камроқ мойил бўлишади», дейди профессор Фарзан.

Аммо болалар ўпкасининг юқори қисмида рецепторлар етарли. 

«Болалар шунда ҳам вирусни тарқатиши мумкин, чунки бунда юқори ҳаво йўллари жуда аҳамиятли», деб тушунтиради у. 

Олти ойлик изланишлар ва илмий кашфиётларга қарамай, олимлар фикрича, пандемияни ҳақиқатан ҳам тўхтатиш ва вируснинг келажакдаги тўлқинлари олдини олишнинг ягона йўли – профилактик эмлаш. 

Вакцина ортидан
Ҳозирда 124та турли тадқиқот гуруҳлари Covid-19’га қарши биринчи вакцинани ишлаб чиқиш борасида баҳсга киришган. 

Сан-Паулу университети профессори Хорхе Калил Бразилияда олиб борилаётган бир неча эҳтимолий вакцина синовларидан бирини бошқармоқда. Мамлакат коронавирусдан жиддий жабр чекмоқда, аммо президент Жаир Болсонару карантинга қарши митингларда иштирок этишда давом этмоқда, бу вақтда маҳаллий маъмурлар мамлакатнинг кўплаб йирик шаҳарларида карантин жорий этишган. 

Баъзи ишлаб чиқарувчиларнинг вакцина сентябрь ойида тайёр бўлиши мумкинлиги, ишлаб чиқариш ва тарқатиш эса 12 ойдан 18 ойгача вақт олиши ҳақидаги эълонларига профессор Калил шубҳа билан қарайди. Унинг айтишича, асосийси шошқалоқлик эмас, пухталик. 

«Биз иложи борича тезроқ ҳаракат қилишимиз керак. Аммо маррага биринчи етган киши ғалаба қозонади деб ўйламайман. Бу автопойга эмас. Ғолиблик кўпчиликка – мукаммал ҳолатда 90 фоиз инсонга мос келувчи, аломатлар ва вирус тарқалашини тўхтатувчи вакцинага насиб этади», деди у. 

Калилнинг таъкидлашича, дунёда пандемияни ҳақиқатан ҳам тўхтатиш учун кекса одамлар ва сурункали юрак-қон томир касалликлари билан оғрийдиган одамларга мўлжалланган вакцина зарур. Айнан ушбу тоифадаги одамлар учун антителани – эмлаш ёки инфекцияга жавобан танамизнинг табиий ҳимоя механизмини ишлаб чиқиш қийин бўлади. Шунинг учун, агар вакцина кўпчилик одамлар, шу жумладан энг ҳимоясиз одамлар учун ишламаса, Covid-19 тарқалишда давом этаверади. 

Бразилиянинг Манаус шаҳрида Covid-19 қурбонларини оммавий дафн қилиш

Шунингдек, Калил барча мамлакатлар вакцинадан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши муҳимлигини таъкидлайди, акс ҳолда эпидемия такрорланиши олдини олиш мумкин эмас. 

«Муаммо пул ва сиёсатда. Бу ерда, Сан-Паулуда бой одамлар чиройли уйларда ўзларини изоляция қилишмоқда, аммо битта хонада саккиз, тўққиз ёки ўн кишидан иборат камтарин оила ҳақида нима дейиш мумкин? Вирусдан ҳаммани бутунлай озод қилиш учун жуда сифатли вакцина керак. Бошқа чиқиш йўли йўқ», дейди у. 

Мавзуга оид