Жаҳон | 21:32 / 04.07.2020
10336
2 дақиқада ўқилади

Туркия Ливиядаги низони бартараф этишда қатнашади

Туркия Ливия ҳудудида ўз ҳарбий базасини жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлди, унинг барча ҳарбий хизматчиларига эса дипломатик мақом берилади.

Файз Саррож бошчилигидаги миллий келишув ҳукумати Анқара билан мудофаа келишувини имзолаганидан сўнг Туркия Ливиядаги низони бартараф этишда иштирок этадиган бўлди. Бу ҳақда «Ал-Хадас» телеканали хабар берди.

Қайд этилишича, келишув Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар ва қуролли кучлар бош штаби бошлиғи Яшар Гулернинг Триполига ташрифи вақтида имзоланган. Ҳужжатга кўра, Туркия Ливия ҳудудида ўз ҳарбий базасини жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлди, унинг барча ҳарбий хизматчиларига эса дипломатик мақом берилади.

Бундан ташқари, турк маслаҳатчилари ва ҳарбийлари суд таъқибидан иммунитетга эга бўлади, Анқара эса миллий келишув ҳукуматини ҳимоя қилиш учун қонуний ваколатлар олади. 

Келишувга мувофиқ, Туркияга янги ҳарбий-разведка агентлигини ташкил этишда қатнашиш ҳуқуқи берилди.

Туркия яқин вақт ичида Ливиядаги жанговар имкониятларини сезиларли тарзда кенгайтиради, дея қайд этади нашр.

Ливияда 2011 йилда фуқаролар уруши юз бериши натижасида мамлакатни 1969 йилдан буён бошқариб келган Муаммор Қаззофий ўлдирилди. Ҳозирда мамлакатда қўшҳокимият вужудга келган: шарқда фельдмаршал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги парламент, ғарбда эса миллий келишув ҳукумати ҳокимият тепасида турибди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид