Жаҳон | 13:20 / 07.07.2020
5099
2 дақиқада ўқилади

Америкада TikTok иловаси ёпилиши мумкин - Помпео

Трамп маъмурияти Хитойнинг TikTok ижтимоий медиа иловага киришни чеклаш устида бош қотирмоқда. Бунга, АҚШ давлат котиби Майкл Помпеога кўра, мазкур илова Хитойнинг қатор бошқа мобил иловалари сингари Пекин маъмурияти томонидан одамларни ташвиқот қилиш ва айғоқчилик маълумотларини тўплашда фойдаланишига доир хабарлар асос бўлмоқда. У Fox News дастуридаги жонли чиқишида бошловчи саволига шундай мазмунда жавоб берган. 

Фото: Fox News

Бошловчи АҚШ ҳам Ҳиндистон сингари Хитой ижтимоий тармоқларини тақиқлаши мумкин ёки йўқлигига қизиққан. Расмий Деҳлига кўра, ушбу ижтимоий тармоқ раҳбарияти ташвиқот билан шуғулланади ва маълумотларни ХХР ҳукуматига узатади. Биргина АҚШнинг ўзида 30 млн.дан ортиқ TikTok фойдаланувчиси бор.

“Биз бунга жуда жиддий қараймиз. Биз бу саволни кўриб чиқяпмиз”, - деган Помпео ҳамда аввалроқ, Америка ҳукумати Хитойнинг Huawei ва ZTE телекоммуникация компанияларини мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид деб эълон қилганини ёдга олган. 

“Одамлар смартфонларидаги Хитой иловаларига тўхталадиган бўлсак, ишонтириб айтаманки, АҚШ керакли чораларни кўради”, - дея қайд этган Майкл Помпео. Шу билан бирга, у масала қандай ҳал этилишини АҚШ президенти Дональд Трамп тўхталмагунча, батафсил очиқлашни истамаслигини билдирган. 

29 июн куни Ҳиндистон Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги Хитойда ишлаб чиқилган 59та мобил иловани “мамлакат хавфсизлигига ва мустақиллигига ҳалокатли таъсири учун” тақиқлаб қўйишга қарор қилди. Улар орасида TikTok иловаси ҳам бор эди. 

TikTok иловаси ўз фойдаланувчиларига қисқа видеолавҳаларни шу номдаги ижтимоий тармоқда эълон қилиш имконини беради. У Хитойнинг Byte Dance компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 2016 йилда ХХРда Douyin номи билан ишга туширилган. 

2017 йили халқаро бозорга чиққан илова iOS ва Android дастурларида ишлай олади. Сўнгги ҳисобларга кўра, дунё бўйлаб TikTok фойданувчилари сони 700 млн кишидан ортади. Ундан тахминан 150 мамлакат аҳолиси фойдаланади. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид