07:53 / 09.07.2020
6914

«Прогресс» фазовий кемаси ХКСдан ажралгач Тинч океанида чўктириб юборилди

Халқаро коинот станциясидан ажралган “Прогресс МС-13” фазовий юк кемаси 8 июль кечки пайт Тинч океанида чўктирилиб юборилди. Бу ҳақда “Роскосмос” корпорацияси хабар берди. 

Таъкидланишича, кеманинг ёнмайдиган элементлари Тинч океанининг кемалар ҳаракатланмайдиган ва Янги Зеландиянинг Веллингтон шаҳридан 1800 км узоқликдаги ҳудудга тушган.  

Кемани ХКСдан ажратишга “Роскосмос” фазогирлари Анатолий Иванишин ва Иван Вагнер тайёрлаган.

Кема ХКСдан Тошкент вақти билан соат 23:22да ажралган ва ҳисоб-китобларга мувофиқ ҳолда соат 3:05да Ер атмосферасига кирган. 

Кема 2019 йил декабрда ХКСга 700 кг ёнилғи ва газ, 420 литр сув, стандарт озиқ-овқат тўплами, бир тоннадан кўпроқ турли қурилмалар ва юкни, жумладан илмий-тадқиқот тажрибалари учун қурилмалар, гигиеник ва тиббий воситалар етказган. Бундан ташқари, ХКС экипажи вазнсизлик шароитида жисмоний ҳолатни сақлаб туриш учун янги югуриш йўлакчаси олган.

Навбатдаги “Прогресс МС-15” кемасининг ХКСга жўнатилиши 23 июлга Бойқўнғир космодромидан амалга оширилиши белгиланган. У ХКСдаги 63-экспедицияга ёнилғи, сув ва газ захиралари, хизмат қурилмалари ва ҳаётни таъминлаш воситаларини етказади. 

Top