Ўзбекистон | 23:53 / 11.07.2020
36175
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди

Бемор касалхонага ётқизилишидан олдин бир ҳафта давомида иситмалаб келган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хоразм вилоятида коронавирусга чалинган 56 ёшли эркак вафот этганини маълум қилди. 

«Хоразм вилояти Шовот туманида яшовчи 56 ёшли Д.С. (эркак) бир ҳафта давомида тана ҳарорати кўтарилиб, ҳолсиз бўлган.

Сўнгра бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ётқизилган. Унга COVID-19 инфекцияси оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, гипертония касаллиги билан ҳам оғриган. Хасталик ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», – дейилади хабарда.

Расмий ахборотда бирорта ҳам аниқ сана кўрсатилмаган.

Бу – Хоразм вилоятида коронавирусдан илк ўлим ҳолати бўлди. Ҳозирга қадар фақат Андижон ва Сирдарё вилоятларидагина вирус қурбонлари қайд этилмади. Жами вафот этганлар сони 57 нафарни ташкил этмоқда.

Мавзуга оид