13:27 / 16.07.2020
7495

Рэпер Канье Уэст АҚШ президентлигига номзод сифатида рўйхатга олинди

Америкалик рэп қўшиқчиси Канье Уэст АҚШ президентлигига номзод сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бу борадаги махсус Форма №1 гувоҳномаси федерал сайлов комиссияси расмий сайтида пайдо бўлди.

Фото: AP

Таниқли модел Ким Кардашианнинг эри Канье Уэст сайлов кампанияси учун «Канье 2020» деган ном танлаган. Унинг партияси эса ноодатий ва таъбир жоиз бўлса, жиддий бўлмаган кўринишда: BDY Party. Яъни, Birthday Party (туғилган кун базми). Рэпернинг номзоди 15 июль куни рўйхатдан ўтказилган.

Маълум бўлишича, Уэст ҳали Форма №2 деб номланадиган асосий ҳужжатни топширмаган. Бу ҳужжат сайлов кампанияси учун камида 5 минг доллар миқдорида пул тўплангани ёки харажат қилинганидан гувоҳлик бериши керак. Бу ҳужжатсиз номзод сайловга қўйилмайди.

АҚШдаги машҳур консалтинг компанияси Redfield & Wilton 15 июль куни 2 фоиз америкаликлар сайловда Канье Уэст номзодига овоз беришга тайёрлигини маълум қилганди. Ижтимоий сўровлар натижаси ҳозирча Жо Байденга устунлик бермоқда. Унинг номзодини қўллаб 48 фоиз америкаликлар овоз беришга тайёр.

АҚШда рэпер Канье Уэстнинг номзодини жиддий қабул қилишмаяпти. Маълум бўлишича, унинг руҳий ҳолатидаги салбий ўзгаришлар президентлик кампанияси бошлашига сабаб бўлган. Уэст ўз номзодини илгари сурмоқчи эканини айтганида, амалдаги президент Дональд Трамп уни қўллаб-қувватлашини маълум қилганди.

Мавзу
АҚШ-2020
2020 йилнинг 3 ноябрида АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 3 февраль куни демократлар қароргоҳида бирламчи сайловлар - кокуслар ва праймеризлар бошланган.
Барчаси
Top