Жамият | 19:58 / 20.07.2020
46407
10 дақиқада ўқилади

Қишлоқда таппи ёққан аёллар. Гендер тенглигидан олдинги гаплар

Фото: KUN.UZ

«Агар ўғил болага таълим берсанг, шахсга таълим берган бўласан.
Агар қиз болага таълим берсанг, бутун умматга таълим берган бўласан»

(Абдулҳамид ибн Бодис)

Бир неча ой давомида хотин-қизлар билан суҳбатда бўлиб, уларнинг ўй-фикрлари, кечинмалари, муаммоларини ҳаётий ҳикоялар шаклида ёзиб боряпман. Уларнинг дард-у ташвиши, елкасига олган масъулиятини эшитиб, бир хулосага келиш мумкин: жамиятимиз аёллар манфаатини энг қуйи поғонага тушириб бўлган.

Бу йўналишда айрим ишлар қилиняпти, аммо ҳукумат масалага барибир атрофлича, чуқур эътибор қаратаётгани йўқ. Қуйи поғонада хотин-қизларга оид муаммолар кўп, аммо уларни ҳал қилиш учун яхлит чоралар ва албатта, қатъий хоҳиш бўлиши керак. «Аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш», «муносиб иш ва уй-жой билан таъминлаш» каби айтилаётган гаплар билан масала илдизига етиб бўлмайди.

Аёлнинг истаги сўнгги ўринда

Муҳтожлик кўчасида сарсон бўлиб юрган хотин-қизлар дарди билан қизиқсангиз, бу ҳолатга тушиб қолишига битта катта сабаб бор: оиладаги тарбия.

Афсуски, хотин-қизларни сабрли, қаноатли бўлишга, рўзғор ишларига уқувли қилиб ўргатилса-да, ҳаётий муҳим танловларни амалга оширишда (турмуш ўртоқ танлаш, қайси касб эгаси бўлиш ва бошқалар), иқтисодий мустақиллигини таъминлашга ўргатилмайди. Ўзбекона тарбия «У ожиза ва турмушга чиққач, эрининг «қўлига» қараши керак», деган стереотиплар асосига қурилган.

«2010 йил... Энди 19га тўлгандим. Оилада кенжа фарзандман. Эрка, айтганини қилдирадиган қиз эдим. Бўйим етгач, совчилар кела бошлади. Ҳар хил баҳона топиб куёв бўлмишларни рад этавердим. Бир куни бозорга тушиб эдим, қариндошимни кўриб қолим. У менга куёв топганини айтиб қолди. Учрашиб, гаплашиб кўринглар, деди. Учрашувга чиқдим... Орадан 3 ой ўтди. Ўша йигитдан совчилар келди. Дадам: «Икки қизимни хоҳлаганимга бердим, бунисининг ихтиёри ҳам ўзимда», деди. Кейин йигит билан яна учрашувга чиқдим. У очиқчасига «Менга хотин эмас, ишчи керак. Еримиз кўп, онам эса ишга ярамай қолган», деди. Уйга келиб онамга рози эмаслигимни айтдим, аммо бу энди ҳеч кимни қизиқтирмасди. Ота-онам раъйига қарши боролмай, мен ҳам рози бўлдим. 10 куни ичида аввал унаштирув, кейин катта тўй бўлди». — Гулмира Қўшоқова, 29 ёш

«2009 йил турмуш қурдим. Бошида бунга қарши бўлганман. Чунки унаштирилганимдан кейин эримнинг қўлида нуқсони борлигини билиб қолдим. Эшитишимча, эрим болалигида ёнғоқ дарахтига чиқиб, йиқилиб тушган экан. Шунинг асорати туфайли бир қўлини мустақил ҳаракатлантиролмайди. Бўлган воқеадан хабар топгач, ота-онамга айтганман. Лекин улар гап-сўзга қолмаслик учун тўйни қайтаришмади». — Меҳринисо Баҳромова, 39 ёш

«1993 йилда турмуш қурдик. Аввалига ҳаммаси яхши эди. Шаҳарда ўзимизнинг уйимиз бор эди. Аҳил-иноқ яшардик. Эримнинг топиш-тутиши ҳам яхши эди. Ташкилотда ҳисобчи бўлиб ишларди. 2 йилдан кейин ўғлим туғилди. Шундан кейин ўртада 2 фарзандим нобуд бўлди. Тўғрироғи, бола тушиши хавфи бор, деб аборт қилдирганман. Эрим боланг кичкина, нима қиласан яна фарзандли бўлиб, деб хомиламдан воз кечишга мажбурлаган. Шифокор кўригига борганимда, бола тушиши хавфи борлигини айтишган. Шундай бўлса-да, эрим мендан бир оғиз маслаҳатлашмаган болани аборт қилдираётганимда. Ўша пайти аборт қилдираётганимни ҳам билмаганман. Агар боламни аборт қилишаётганини билганимда, бунга ҳеч қачон йўл қўймасдим… Эрим шундай инсон эдики, у бирон масалада мен билан маслаҳатлашмасди, ўз билганича ҳал қиларди. Иккаламиз ўтириб яқиндан гаплашмасдик ҳам. Иши ҳақида сўрасам, ишинг бўлмасин, деб жеркиб берарди. Қаерларда ишлаши ҳақидаям билмасдим, чунки эр-хотин бўлсак ҳам иккита алоҳида қутбда яшардик гўё. Менга буюм сифатида қарарди». — Азиза Ғаниева, 47 ёш

«Уларда танлов имконияти йўқ»

Журналист Азиза Қурбонова Telegram-каналида хотин-қизларни қийнайдиган айрим масалаларга тўхталиб ўтган.

«Уларнинг аксариятида танлов имконияти йўқ, деса ҳам бўлади. Қизлар кўпинча на қайси касб эгаси бўлишни, на қайси тўгаракка боришни, на қайси ҳунар ўрганишни, на кимга турмушни чиқишни ўзлари мустақил танлай олмайдилар.

Улар ўқимоқчи бўлса, эрга тегиш кераклигини танлаб беришади. Улар эрга тегмоқчи бўлса, кимга тегиш кераклигини танлаб беришади. Улар ишламоқчи бўлса, эрлари унга ишни танлаб беради. Улар туғмоқчи бўлса ҳам ўғил бўлишини талаб қилишади. Ҳартугул фарзанд ўғил-қиз бўлишини одамлар ҳал қилолмайди.

Уларнинг танлови доим сўроқ остида. Хилма-хиллик йўқ, ё медга ўқийди, ё педга. Балки у зўр расм чизар, балки ундан яхши программист чиқар, балки яхши банкир бўлар? Буни кўп ота-оналар ўйлаб ҳам кўрмайдилар, ҳатто қизларнинг ўзлари ҳам қатъий туриб буни атрофидагиларга етказишга куч топа билмайдилар.

Кўпинча қизларимиз 4та ялтироқ кўйлакка алданиб, 3 марта учрашиб, юзини кўрар-кўрмас, гапини эшитар-эшитмас келган совчилар орасидан ажратиб кўрсатилган бир инсонга турмушга чиқади. Шундай қилиб, қизлар учун аввалига ота-оналари ҳал қилади. Сўнг ё турмуш ўртоғи. Яна ўз ҳамжинслари бўлган қайноналари. Кейин эса фарзандлари.

Улар танласалар ҳам доим иккисидан биттасини танлашлари керак. Ҳа, шундай. 2тасидан биттаси. Масалан, аёл ё оила, ё карьерани танлашига тўғри келади. Нимага биласизми? Чунки иш берувчилар аёлда потенциал ўсувчи, социал лифтга чиқа оладиган ходимни кўрмайди. Кўп ҳолларда карьера қилиш учун кечгача ишлаш керак, оилали аёл кўпинча бундай қилолмайди, эри рухсат бермайди, болаларини кўзи қиймайди ва у ўртамиёна ишчи бўлиб қолишга кўникади.

Ниҳоятда истеъдодли аёлларимиз бугун ўзлари истаган жойда ишлашга қурблари етса ҳам олдларига танлов қўйишганда, иккисидан биттасини танлашларига тўғри келган. Агар бугун ишхоналаримизда Меҳнат кодекси сўзсиз ишлаганида эди, менимча ҳурматли эркакларимизнинг кўпчилиги аёлининг ишлашга рухсат берарди.

Оилани танлаганларни мен доим қўллаб-қувватлайман, албатта. Улар келажакка сармоя тикадилар. Лекин буни улар рози бўлиб танлашлари керак.

Руҳан ўзидан қониқмаган аёл кўпинча асабий бўлиши, аламини болалар ва эрдан олиши, ишламагани учун иқтисодий мустақил бўлмаслиги, оилага ўзини қурбон қилинганини пеш қилиши кўп кузатилади. Ва бу ҳам ўзига яраша оилавий келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Яна бошқача танловлар ҳам бўлади. Дейлик, аёлнинг оилага нисбатан ишончи поймол бўлди. Унга чидасанг шу, чидамасанг катта кўча, дейишади. Унинг ҳар жиҳатдан қарамлигини билишади, болаларни битта ўзи эплолмаслигини рўкач қилишади. Аксарият ҳолларда аёл чидашни ва қолишни танлайди. Ва У бу танлов йўлида ҳар куни ўлиб яшайди», – деб ёзади Азиза Қурбонова.

«Ҳукумат ҳалигача қишлоқ аёлларининг ҳаётини енгиллаштирадиган ҳеч нарса қилмади»

SmartGov компанияси ижрочи директори Азиза Умарова:

— Жамият патриархал бўлиб қолиши ва аёллар ҳуқуқларини тан олмаслик ва таъминламаслик сабабларидан бири шундаки, аёллар ҳукуматнинг ижтимоий хизматларни таъминлаш функциясини қисман ўз зиммасига олган. Аниқроқ айтганда, ҳукумат кекса ёшдаги ва ногиронлиги бор фуқароларга ғамхўрлик қилмайди. Ўзбек оилаларида бу ишни аёллар қилишади ва бошқа мамлакатларда бўлгани каби ҳукумат бунга моддий ресурсларни сарфламайди.

Қишлоқда энг биринчи маиший шароитлар: газ, электр токи, доимий оқар суви манбайи бўлмас экан, аёллар ва болалар узоқдан уйларига сув ташийдилар, ўчоқда олов ёқиб, қийналиб овқат қилишади. Бу ҳолат ҳар куни бир хилда такрорланаверади. Ҳукумат ҳалигача қишлоқ аёлларининг ҳаётини енгиллаштирадиган ҳеч нарса қилмади: ичимлик суви, газ ёки канализация билан таъминланмади. Мамлакат аҳолисининг атиги 16 фоизи канализация билан қамраб олинган. Ичимлик суви ҳам долзарб муаммо. Шунақа абгор инфратузилма шароитида қандай қилиб аёллар ҳуқуқлари ҳақида гапириш мумкин?

Оғир шароит ўз ортидан турли ижтимой муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Хотин-қизлар нормал яхши таълим олишолмайди, муносиб шароитда ишлолмайди. Оилавий ажримдан сўнг эса ўзини таъминлолмайди. Натижада, хорижга пул топишга ва қинғир ишларни-да қилишга мажбур бўлади.

Ҳукумат хотин-қизларга оид давлат сиёсатини шакллантирмаган. Аёллардан элчи, Олий Суд раиси ўринбосари тайинланиши каби саъй-ҳаракатлар денгиздаги бир томчи, холос. Ҳукумат қанчалик иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлса, шунчалик хотин-қизлар хуқуқларнинг муҳофазаси тўлиқ таъминланади.

Хулоса

Гендер тенглигини таъминлаш, аёлларга қарши оиладаги зўравонликка барҳам бериш қонунчилик билан мустаҳкамланди, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши учун имтиёзли грантлар ажратилди. Давлат бошқарувида аёлларга ҳам имконият бериляпти...

Булар жуда ижобий сигналлар, албатта. Аммо масаланинг иккинчи томони – сояда қолиб кетаётган хотин-қизлар қатлами билан иш олиб бориш керак. Аёлни нима учун оилада зўравонликка учраса-да, мурожаат қила олмайди, ҳаёт остонасида турган қизга нима учун шахсий танлов имконияти берилмайди, нега қишлоқ аёли далада эркаклар билан баравар ер чопиши, ёзда таппи қилиб, қишда уни ёқиши, бутун умрини қора меҳнатда ўтказиши керак? Нима учун ишсиз аёл фарзандини ташлаб, хорижда мигрант сифатида сарсон бўлиб юриши керак? Саволлар рўйхати, афсуски, жуда узун.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид