Тавсияномага эга хотин-қизларга ажратилган 2000 квота тақсимоти

Бакалаврнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан хотин-қизлар учун 4 фоизли қўшимча 2000та давлат гранти тасдиқланган. Квотанинг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти қуйидагича:

  • Қорақалпоғистон Республикаси – 111;
  • Андижон – 183;
  • Бухоро – 112;
  • Жиззах – 81;
  • Қашқадарё – 193;
  • Навоий – 60;
  • Наманган – 165;
  • Самарқанд – 227;
  • Сурхондарё – 155;
  • Сирдарё – 50;
  • Тошкент вилояти – 177;
  • Фарғона – 221;
  • Хоразм – 110;
  • Тошкент шаҳри – 155та грант.

Квота қайси таълим шакли учун ажратилади?

Тавсиянома фақат биринчи йўналиш учун ва таълимнинг кундузги шаклига амал қилади. Сиртқи, кечки ёки масофавий учун имтиёз қўлланмайди. Бунда биринчи йўналишга кундузгини танлаб, 2, 3, 4 ёки 5-йўналиш учун сиртқи, кечки, масофавий таълимни танлаш мумкин.

Тавсияномали хотин-қизлар баллари қандай ҳисобланади?

Тавсиянома олгани бюджет асосида ўқишга киришни ёки балл қўшиб берилишни англатмайди. Аввало юқорироқ балл тўплашга ҳаракат қилиш керак. Хўш, кимдан юқори балл тўплаш керак?

Тавсияномали абитуриент доимий яшаш жойи бўлган вилоятдаги шундай абитуриентдан юқори балл тўплаши керак. Яъни тавсиянома олган хотин-қизлар ўзлари топширган йўналишдаги абитуриентлар билан эмас, ўз вилоятларидаги тавсиянома олган хотин-қизлар билан беллашади.

Дейлик, Наманган вилоятига жами 60та квота ажратилган бўлса, лекин Намангандан республика бўйлаб ОТМларга 100 нафар тавсияномали хотин-қиз ҳужжат топширган. 100 нафарнинг энг юқори балл тўплаган 60 нафари имтиёзга эга бўлади, қолгани эса бошқа абитуриентлар сингари умумий квота асосида танловда қатнашаверади. Бундан ташқари, бу йил 3та йўналишга ажратилган квоталар ҳам бор.