Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳимоя ордери талабларини бузиш учун жавобгарликни кучайтаришга оид қонунни қайта кўриб чиқди.
Бу қонун билан, ҳимоя ордери талабини бузган зўравонларга нисбатан жаримани амалдаги 300 минг – 900 минг сўмдан 1,5 млн – 3 млн сўмгача ошириш таклиф этилган эди. Лекин депутатлар қабул қилган қонунни Сенат рад этганди.
Сенаторларнинг фикрича, жариманинг юқорилиги охир-оқибатда ордер билан ҳимояланган шахснинг ўзига юк бўлиб тушади.
Қонунни ҳукумат билан бирга Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси тайёрлаган. Қўмита аъзоси, депутат Гулруҳ Аъзамова Сенатдан қайтган бу ҳужжатни қуйи палатада қайта кўриб чиқишдан олиб ташлаш ва ҳукуматга қайтаришни таклиф қилди.

Депутат Дониёр Ғаниев бунга қарши чиқди. Унинг фикрича, Сенатнинг рад жавоби асослантирилмаган.
“Сенат комиссия тузмасдан қонунни рад этгани учун, қўмита қонунни кўриб чиқишдан олиб ташлаш ҳақида хулоса беряпти экан. Ваҳоланки, икки ой олдин айнан қўмита умуман бошқа позицияда эди. Қўмита бу ўзгариш аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун қилинаётгани, берилаётган ҳимоя ордерлари ва уларни бузаётганларнинг сони кўпайиб бораётгани, агар жазони кучайтирмасак, қонунга беписандлик жуда авж олиб кетиши мумкинлигини айтиб, қонунга киритилаётган ўзгаришни қаттиқ ҳимоя қилганди. Ички ишлар органлари билан ўрганишлар ўтказдик дегандиларинг.
Энди эса Сенатнинг битта хати билан қўмитанинг фикри ўзгаряпти. 120–130 та депутатни ишонтиргансизлар, биз маъқуллаб овоз берганмиз. Ҳозир битта хат билан фикримиз 180 градусга ўзгаряпти. Бунинг асоси борми?
Сенатнинг қонунни рад этиш ҳақидаги хулосасида тайинли бир асос йўқ. Жарима миқдорининг оширилиши жабрланувчи зиммасига қўшимча юк бўлиб тушиши айтиляпти.
Қани, бунинг таҳлили бор эканми? Нима асосида бундай хулосага келишибди? Ўрганиш олиб боришибдими? Ижтимоий сўров ўтказишибдими? Нимага асосланиб бу хулосани беришяпти? Ҳеч нарса йўқ, бу нима деган гап?! Икки ой олдин бошқа гапни айтяпмиз, Сенатнинг тўрт қатор гапдан иборат битта хати билан 130 нафар депутатнинг фикрини ўзгартирмоқчи бўляпмиз.


















