Россия зодагонлари коронавирусга қарши вакцинага апрелдаёқ эга бўлган(ми?)
Россияда апрел охиридан буён илк марта бир суткада 6 мингтадан камроқ Covid-19 ҳолатлари қайд этилди. Айрим хабарларга кўра, Россия миллиардерлари, топ-менежерлари ва амалдорлари коронавирусга қарши вакцинани апрелдаёқ қабул қилган.
Апрелдан буён илк марта 6 мингдан камроқ ҳолат
Оператив штаб маълумотига кўра, Россияда ўтган суткада коронавирус инфекцияси юқтириш билан боғлиқ 5940та янги ҳолат аниқланган - бу охирги уч ой давомидаги энг паст суткалик кўрсаткич ҳисобланади.
Бунгача 6 мингдан кам ҳолат 29 апрелда қайд этилганди – ўшанда 5841та ҳолат ҳақида хабар қилинганди. Мамлакатда жами қайд этилган ҳолатлар сони 777 мингдан ошган.
Штабнинг маълумот беришича, сутка давомида 85 киши вафот этган. Бунга қадар суткалик ўлимлар сони 100тадан кам бўлмаётганди.
Жами вафот этганлар сони 12427 нафарга етган. Пандемия бошланганидан буён 553 мингдан ортиқ киши соғайиб кетган.
Зодагонлар вакцинаси
Bloomberg нашрининг ёзишича, Россиянинг бир қатор компаниялари топ-менежерлари ҳамда давлат амалдорларига Миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази ишлаб чиққан экспериментал вакцина апрелдаёқ тақдим этилган.
Нашр миллиардерлар ва йирик компаниялар раҳбарлари орасидаги манбаларига таянмоқда. Унинг эслатишича, Россия коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқарган дунёдаги дастлабки мамлакатлардан бири бўлишга уринмоқда.
Тадқиқотлар Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди томонидан молиялаштирилмоқда ва ҳарбийлар билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Ўтган ҳафтада фонд раҳбари Кирилл Дмитриев Гамалея номидаги марказ ишлаб чиққан вакцина синовининг иккинчи босқичи 3 августда якунланиши, учинчи босқич синовлари эса нафақат Россия, балки бошқа давлатларда ҳам ўтказилишини маълум қилди.
Ишбилармон ва сиёсий элита вакиллари экспериментал вакцина дозасини олишга эришган дастур қонуний, аммо қатнашишни истовчилар кўпайиб кетишининг олдини олиш мақсадида сир тутилмоқда, деган ушбу синовлар жараёнидан хабардор манба.
Унинг сўзларига кўра, гап бир неча юз киши ҳақида бормоқда. Bloomberg ўнлаб ҳолатлар тасдиқланишига эришган, аммо ҳеч ким ўз исм-шарифи кўрсатилишига рухсат бермаган. Эмлаш бепул амалга оширилган. Дмитриев ўзи ва оиласи тадқиқотларда қатнашганини айтган. UC Rusal компаниясида кўплаб топ-менежерлар эмланди, деб маълумот берган нашр манбалари.
Вакцина қабул қилган топ-менежерлардан бирининг айтишича, унинг ҳеч қандай ножўя таъсири сезилмаган. Бошқалар эса эмланганидан сўнг ҳарорати кўтарилгани ва мушакларида оғриқ сезишганини айтишган.
Кўнгиллиларга жавоб берилмоқда
Россия ҳарбийлари Мудофаа вазирлиги ва Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази томонидан биргаликда ишлаб чиқарилган вакцинанинг клиник синовлари ниҳоясига етганини эълон қилди.
«Бугун, 20 июль куни 20 кишидан иборат кўнгиллиларнинг иккинчи, сўнгги гуруҳи ҳарбий ҳоспиталдан,чиқарилади», - Россия қуролли кучлари Радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинларининг 48-марказий илмий-тадқиқот институти раҳбари Сергей Борисевич
Кўнгиллиларда коронавирусга қарши керакли антитаначалар аниқланди. Шунингдек, тадқиқотлар шуни кўрсатдики, инсон препаратнинг таркибий қисмларини яхши қабул қилади, деди у «Красная звезда» газетасига берган интервьюсида. Унинг қўшимча қилишича, олимлар ҳали катта ҳажмдаги таҳлилий ишларни бажариши, якуний ҳисоботларни тайёрлаши, натижаларни тақдим этиши, вакцина препаратини давлат рўйхатидан ўтказиши лозим.
Сеченов университетида ҳам коронавирусга қарши эмланган кўнгиллиларнинг иккинчи гуруҳига жавоб берилди, деб маълум қилди фармация ва трансляцион тиббиёт институти директори Вадим Тарасов. Унинг сўзларига кўра, кўнгиллилар вакцинацияни яхши ўтказган, «фақат икки кишида бош оғриши ва ҳарорат кўтарилиши кузатилган».
Россияда яқин вақт ичида 40-50 млн киши эмланиши керак, деди Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди директори Дмитриев.
Вирус Хитойдан келмаган
Covid-19 геном эпидемиологияси тадқиқотлари шуни кўрсатдики, Россияга вирус Хитойдан эмас, асосан Европадан келган, деб хабар берди РИА Новости Сколково фан ва технологиялар институтига таяниб.
«Феврал охири-март бошларида Россиянинг турли шаҳарларига вирус олиб кирган камида 67 ташувчидан намуналар олинди. Олинган маълумотларга кўра, вирус Россияга Хитойдан эмас, асосан Европадан олиб кирилган», - дейилади хабарда.
Тадқиқотни «Сколтех» ҳаёт ҳақидаги фанлар маркази, олий иқтисодиёт мактаби, Смординцев номидаги грипп илмий-тадқиқот маркази ва Харкевич номидаги маълумот узатиш муаммолари институти ходимлари ўтказган.
“Зодагонлар учун вакцина” ҳақидаги хабар рад этилди
Гамалея номидаги марказ директори Александр Гинцбург Россия зодагонлари Covid-19га қарши вакцина билан эмлангани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.
«Йирик бизнесменлар ва майдалари ҳақида ҳам ҳеч нарса билмайман», - деди у. Сеченов университети фармация ва трансляцион тиббиёт институти директори Вадим Тарасов эса: «Ҳали клиникаолди тадқиқотлари ўтказилмади. Бу миш-миш» деди.
Гамалея номидаги марказ томонидан ишлаб чиқилган вакцина устидаги клиник тадқиқотлар якунига етгани йўқ, ундан, хусусан, амалдорлар ва бизнес вакилларининг ҳам фойдаланишининг иложи йўқ, деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Алексей Кузнецов.
«Вакцина ҳали фуқаролар учун чиқарилмади, ундан клиник тадқиқотлар доирасидан ташқарида қўллаш имконсиз нарса», - деди у.
Мавзуга оид
15:56
Россия компанияси Ўзбекистон фуқароларини қурилиш соҳасида ишга олмоқчи
14:18
Россия ўзбекистонликларни сэндвич-панеллар ишлаб чиқариш соҳасида ишга олмоқчи
14:15
«ПостРоссия давлатлари форуми» РФда террористик деб тан олинди
09:59