Ўзбекистон | 13:29 / 20.07.2020
8242
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Тез ёрдам»га кунлик чақириқлар уч баравар ошган

Пандемиягача бўлган даврда Тошкент шаҳрида бошқа касалликлар билан шикоят қилувчилар кўпайса ҳам, кунлик чақирувлар сони 2 мингдан ошмаган.

Бугун, 20 июль куни халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сонида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов «Тез ёрдам» чақирувлари кўпайгани ҳақида маълумот берди.

Охирги 2-3 кунда қилинган ишлар туфайли Тошкент шаҳри бўйича 1003 рақами учун ажратилган линиялар сони 3 баравар, қўнғироқларга жавоб бераётган ходимлар сони эса 2 бараварга кўпайтирилган. Чақириқларга борадиган машиналар сони эса 2,5 бараварга оширилган. Бундан ташқари, яна 50та «Тез ёрдам» машиналари қўшилиши режалаштирилмоқда.

«Пандемиягача бўлган даврда ҳам Тошкент шаҳрида бошқа касалликлар билан шикоят қилувчилар кўпайса ҳам, кунлик чақирувлар сони 2 мингдан ошмасди. Ҳозир эса камида 6-6,5 минг чақирувлар бўлмоқда. Шунинг учун ҳам рақамлар ошиши билан, дастлаб, узилишлар бўлди.

Лекин ҳозир муаммолар ҳал қилинаётгани туфайли қўнғироқларга, албатта, жавоб бўляпти. Агар «Тез ёрдам» бориши керак бўлса, албатта, чақирувларга асосан, машиналар етиб бормоқда», деди Ҳабибулло Оқилов пресс-клуб сессиясида.

У пандемия бошида коронавирусга ишонмаслик ҳолатлари кўп бўлгани учун одамларни хавотирга солишга ҳаракат қилингани, энди эса ижтимоий тармоқлардаги ахборотлар таъсирида мушакларида озгина оғриқ сезган ёки ҳолсизланган одамлардан ҳам кўп чақириқлар қайд этилаётганини айтиб ўтди.

«Шундоқ ҳам қийин шароитда ишлаётган «Тез ёрдам»га озгина енгиллик яратиш учун бу каби ёндош шикоятлар билан фуқаролар билан оилавий шифокорга мурожаат қилишса, мақсадга мувофиқ бўлади. Тошкент шаҳридаги ҳар бир оилавий поликлиникага 10тадан мобил телефонлар ҳам берилди. Уларнинг рақамлари ўша ҳудудда яшовчилар учун эълон қилинган. Бундан ташқари, ҳозир оилавий поликлиникаларга рентген аппаратлари ҳам қўйилмоқда», дея маълумот берди штаб аъзоси.

Мавзуга оид