Спорт | 18:43 / 23.07.2020
17930
1 дақиқада ўқилади

Москвада «Олимпийский» спорт мажмуасини портлатиш бошланди

 «Олимпийский» шу йилнинг январида капитал таъмирлаш учун ёпилганди.

Фото: 5-tv.ru

Москвада «Олимпийский» спорт мажмуасининг ички конструкцияларини портлатиш орқали бузиш бошланди. Бу ҳақда шаҳар аҳолиси Instagram аккаунтларида маълум қилди.

 «"Олимпийский"ни аста-секин парчалашмоқда. У бу ерда ўтказилган Олимпиада-80дан тортиб Евровидение 2009гача тарихда қолади. Юлдузларнинг концертлари ва йирик спорт мусобақалари билан ёдда қолади», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири.

Айтилишича, портлатиш бирин-кетин амалга оширилмоқда.

«Комсомольская правда» нашрининг ёзишича, портлаш овозини эшитган москваликлар полицияга қўнғироқ қилишни бошлаган, полиция уларни тинчлантирган.

«Киевская плошчадь» компаниялар  гуруҳи матбуот хизматининг билдиришича, модернизациядан сўнг «Олимпийский» жаҳон миқёсидаги мусобақаларни қабул қиладиган  спорт объекти ҳамда концерт дастурлари ўтказиладиган оммабоп майдонга айланади.

«Олимпийский» шу йилнинг январида капитал таъмирлаш учун ёпилганди. Таъмирлаш ишлари 3 йил давом этади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид