22:34 / 26.07.2020
25302

Зеленский Путинга қўнғироқ қилди

Украина президенти Владимир Зеленский ҳамда Россия президенти Владимир Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кремль сайтида хабар берилган.

Фото: EPA/Vostock-photo

Россия президенти ахборот хизматининг маълум қилишича, мулоқот Украина томони ташаббуси билан амалга оширилган. Томонлар 27 июль куни 00:01дан бошланадиган Донбассда ўт очиш режимининг тўхтатилгани борасидаги келишувни олқишлашган.

Суҳбат давомида Зеленский Донбасс, Қрим ва Россия ҳудудида ушлаб турилган Украина фуқароларини қўйиб юбориш борасида сўз очган. Бу ҳақда Украина президенти ахборот хизмати ёзган. Путин суҳбат давомида томонларнинг «норманд формати»даги келишувлар ва 2019 йил декабрдаги Париж саммитидаги белгиланган вазифаларни бажариши муҳимлигини айтган.

Путин Раданинг 15 июлда 2020 йил маҳаллий сайловларни ўтказиш бўйича қабул қилган қарори Минск келишувига зид бўлганини, бу эса келишув бузилишига олиб келиши мумкинлигини эслатди. Шунингдек, Россия президенти суҳбат давомида Зеленскийнинг Минск келишуви бўйича айтган гаплари амалда ҳам бўлиши муҳимлигини таъкидлади. Кремль сайтида ёзилишича, томонлар суҳбат якунида коронавирус пандемияси билан кураш мавзусида гаплашган.

Top