Ўзбекистон | 08:28 / 28.07.2020
1536
4 дақиқада ўқилади

Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг вазифалари белгиланади

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси Низоми тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси Низомини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низом Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек маблағларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Жамғарманинг асосий мақсади иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда ҳамда аҳоли хонадонларида энергия самарадорлиги лойиҳаларини амалга оширишга инвестицияларни жалб қилиш ва молиялаштиришдир.

Қуйидагилар Жамғарманинг вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

  • тижорат банклари билан биргаликда лойиҳаларни молиялаштириш;
  • энергия самарадорлиги бўйича молиявий битимларда кредит таваккалчилигида қатнашиш;
  • грант асосида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларини ривожлантиришда маъмурий харажатларни қисман қоплаш;
  • иқтисодиёт тармоқлари корхоналарининг ишлаб чиқариш жараёнларида, шунингдек ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларида замонавий энергия тежамкор технологиялар ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этилишида банк билан келишилган ҳолда имтиёзли кредит бериш;
  • даромад олиш ва ушбу олинган даромадларни қайтадан кичик энергетика соҳасини ривожлантиришга йўналтириш;
  • иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларида энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ва энергия самарадорлиги лойиҳаларини ва энергия тежамкорлик тадбирларини эксперт гуруҳи хулосаларига кўра молиялаштириш (молиявий қарз бериш) ва амалга оширилишини мониторинг қилиш;
  • иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялар, асбоб-ускуналар ва материалларни ишлаб чиқариш ва жорий этишда иштирок этиш;
  • энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • энергия самарадорлигини ошириш ва энергия тежамкорлиги бўйича тадбирларни амалга оширишда ёқилғи-энергетика ресурсларини ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларга ўрнатилган тартибда имтиёзли равишда молиявий қарз бериш;
  • иккиламчи энергия манбалари ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ҳамда кичик энергетикани ривожлантириш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;
  • иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида энергетик текширувларни ўтказиш тадбирларида кўмаклашиш;
  • ёқилғи-энергия ресурсларининг истеъмолини тартибга солиш, ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларини ҳисобга олиш ускуналари билан жиҳозланишига ҳисса қўшиш;
  • иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ҳамда аҳоли хонадонларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишга кўмаклашиш;
  • ёқилғи-энергия ресурслари истеъмолини қисқартириш ва оқилона фойдаланишга қаратилган Энергетика вазирлиги фаолиятини таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқлари ташкилотларида энергетик текширувларни ўтказилишида фойдаланиладиган технологик ускуналар ва техник воситаларни харид қилинишини қисман ёки тўлиқ молиялаштириш;
  • иқтисодиёт тармоқлари ташкилотлари учун энергия тежамкор ускуналарни харид қилиш ва ўрнатилишида амалий ёрдам кўрсатиш;
  • Жамғарма Кузатув кенгашининг қарорига мувофиқ энергия самарадорлиги лойиҳаларини молиялаштириш;
  • амалдаги қонунчиликка зид бўлмаган бошқа энергия тежамкорлиги тадбирларини амалга оширишни молиялаштириш;
  • энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлиги йўналишида мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда кўмаклашиш;
  • ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш юзасидан тарғибот ва ахборот таъминотини ташкил этишда иштирок этиш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид