Kun.uz'га Тошкент шаҳри Бўрижар каналида давлат маблағлари ҳисобидан қурилган микро ГЭС ишламай ётгани ҳақида мурожаат келиб тушди.
Бу микро ГЭС қурилиши бошланганига бир йилдан ошган бўлса ҳам, ҳалигача фойдаланишга топширилмаган ва электр энергияси ишлаб чиқармаяпти.
Лойиҳа менежери Улуғбек Ёқубов 2025 йил июн ойи бошида “Ўзбекистон-24” телеканалига берган интервюсида Бўрижар канали ёқасига 57 kW, Бўзсув канали ёқасига 105 kW қувватли микро ГЭСлар ўрнатилаётганини айтган.
“Жами 162 kWли электр станцияларимиз йилига 1 млн kWhʼдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бўрижар каналида 57 kWhʼли микро ГЭСлар [қурилиши]ни якунлашимиз учун 2 ой талаб қилинади”, – деган Ёқубов.
Вазирлик: Биринчи станция “яқин вақт ичида” фойдаланишга топширилади
Мазкур лойиҳа – республика бўйлаб умумий қуввати 164 MW бўлган 3 мингга яқин микро ГЭСлар қуриш дастурининг бир қисми. Бу дастурга кўра, давлат ва хусусий сектор томонидан юзлаб истиқболли нуқталарда микро ГЭСлар қурилади. Давлат қурган станциялар фойдаланишга топширилганидан кейин “тайёр бизнес” шаклида хусусий секторга сотилади.
Энергетика вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, Тошкентдаги Бўрижар каналида 35 ва 22 kW қувватли иккита микро ГЭС (иккисининг умумий қуввати юқорида айтилганидек 57 kW) қурилиши кўзда тутилган. Шундан:
- 35 kWли биринчи станция қурилиши якунланган ва ҳозирда тест режимида ишламоқда. Станция яқин вақт ичида фойдаланишга топширилади.
- 22 kWли иккинчи станция учун эса ускуналар харид қилинган ва қурилиш ишлари бошланиш арафасида.
Вазирликка кўра, Тошкент шаҳридаги Бўзсув ва Бўрижар каналларида жами бешта микро ГЭС қурилиши режалаштирилган. Туркия, Хитой ва бошқа хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг технологиялари асосидаги 15, 22, 35 ва 75 kW қувватли мини станциялар шулар жумласидан.
Бўрижардаги ГЭСларни ким қуряпти?

















