09:05 / 29.07.2020
13547

Қайси ҳудудларда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг камайиши кузатилгани маълум бўлди

Давлат статистика қўмитаси томонидан 2020 йилнинг январь-июнь ойлари учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ялпи ҳудудий маҳсулотни (ЯҲМ) дастлабки баҳолаш ишлари амалга оширилди.

Фото: Getty Images

2020 йилнинг январь-июнь ойларида Андижон (5,0 фоиз), Навоий (4,3 фоиз), Наманган (3,1 фоиз) вилоятларида юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. 2019 йилнинг мос даври билан таққослаганда, солиштирма нархларда Самарқанд (96,1 фоиз), Сирдарё (96,9 фоиз), Қашқадарё (97,9 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (99,5 фоиз) ЯҲМнинг камайиши кузатилди.

2020 йилнинг январь-июнь ойларида республика бўйича ЯИМнинг шаклланишида Тошкент шаҳри 16,0 фоиз улуш билан энг катта ҳисса қўшди. Тошкент вилояти 10,4 фоиз ва Навоий вилояти 8,7 фоиз кўрсаткич билан кейинги ўринларни эгаллаб турибди. Республика ЯИМни шакллантиришда энг кам улуш Сирдарё (1,9 фоиз), Жиззах (2,7 фоиз), Хоразм (3,5 фоиз) вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси (3,5 фоиз)га тўғри келмоқда.

2020 йилнинг январь-июнь ойларида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг ЯҲМ таркибидаги улуши бўйича энг юқори кўрсаткич Сурхондарё (49,2 фоиз) ва Жиззах (47,4 фоиз) вилоятларида, саноатнинг энг юқори улуши Навоий (73,1 фоиз) ва Тошкент (47,2 фоиз) вилоятларида, қурилишнинг энг юқори улуши Қорақалпоғистон Республикаси (10,3 фоиз) ва Жиззах вилоятида (10,2 фоиз), хизматлар соҳасининг энг юқори улуши эса Тошкент шаҳрида (53,1 фоиз) ва Наманган вилоятида (38,8 фоиз) кузатилди.

Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг ЯҲМ таркибидаги улуши бўйича энг кичик кўрсаткич Навоий вилояти (12,1 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (19,2 фоиз), саноатнинг энг кам улуши Сурхондарё (8,3 фоиз) ва Жиззах (12,5 фоиз) вилоятларида, қурилишнинг энг кам улуши Навоий (4,0 фоиз) ва Тошкент (5,1 фоиз) вилоятларида, хизматлар соҳасининг энг кам улуши Навоий (10,8 фоиз) ва Тошкент (23,8 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

Top