13:58 / 31.07.2020
6795

Афғонистон президенти 500 толибонни озод қилишни буюрди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани тинчлик ҳақида уч кунлик сулҳ тузилиши ортидан «Толибон» ҳаракатининг 500 нафар аъзосини қамоқдан озод қилиш ҳақида топшириқ берди. 

Фото: Reuters

Tolo News хабарига кўра, 500 нафар маҳбус толиблар томонидан Афғонистон ҳукуматига тақдим қилинган рўйхатга кирмайди ва улар яқин 4 кун ичида озодликка чиқарилади. Аввалроқ, афғон ҳукумати 4600 нафар толибонни қўйиб юборган эди.

Ўз навбатида толиблар ҳам аввалроқ Доҳада имзоланган битимга амал қилиб, мингга яқин маҳбусни озод қилишганидан сўнг, Ғани ўз қарорини эълон қилди ва толибларни иложи борича тезроқ тинчлик музокараларини бошлашга чақирди.

«Толибон» ҳаракати вакили 30 июль куни 82 маҳбусни озодликка чиққанини эълон қилди, натижада, уларнинг умумий сони 1005 кишига етди.

Февраль ойида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва «Толибон» ўртасида имзоланган битимга кўра, асирларни ўзаро алмаштириш жараёни Афғонистондаги тинчлик музокараларининг бошланишига шароит яратиши лозим эди. Афғон ҳукумати 5 минг жангарини озодликка чиқариши, толиблар эса хавфсизлик кучларининг 1 минг ходимини қўйиб юбориши кўзда тутилган эди.

Top